АҚШ россиялик сиёсий технологларга қарши санкция жорий қилди

АҚШ Молия вазирлиги биноси

АҚШ Молия вазирлиги Россиянинг “Ижтимоий лойиҳалаштириш агентлиги” (“Агентство социального проектирования”) ва “Тузилма” (“Структура”) ташкилотлари ҳамда уларнинг раҳбарларига қарши санкция жорий қилди. Санкция рўйхатига, жумладан “Ижтимоий лойиҳалаштириш агентлиги” ва “Структура” асосчиси ва сиёсий технолог Илья Гамбашидзе ҳамда “Структура” ширкати бош директори Николай Тупикинлар киритилган.

Вашингтон маълумотига кўра, уларнинг барчаси Украинага дастакни сусайтиришга қаратилган Лотин Америкасидаги ахборот кампаниясини мувофиқлаштириш билан шуғулланишган. АҚШ Молия вазирлиги Гамбашидзе ва Тупикин 2022 йил кузидан бошлаб 60 дан зиёд сайтдан иборат тармоқни ишга туширишган, бу сайтлар ёрдамида Лотин Америкаси мамлакатларида Россиянинг Украинага қарши урушига оид ёлғон хабарлар ҳамда АҚШ ва НАТОнинг қитъадаги сиёсатини обрўсизлантирувчи маълумотлар тарқатилган, деб ҳисоблайди.

Мазкур икки ташкилот Лотин Америкасидаги ОАВ ва нуфузли шахслар билан ҳамкорликни йўлга қўйишган, улардан Кремль қарашларини олға суриш учун фойдаланилган, дея иддао қилган АҚШ Молия вазирлиги.

Россия ширкатлари ўтган йили ҳам АҚШ Давлат департаменти назарига тушган эди. Давлат департаменти версиясига кўра, Россияда жойлашган гуруҳ контент яратиб, уни Лотин Америкасидаги маҳаллий журналистлар ва инфлюенсер ўз ичига олган таҳририятга йўллаган. Бу материаллар маҳаллий шароитга мослаштирилиб, кейин у ердаги оммавий ахборот воситаларида ёйинланган.

2023 йили Украинадаги урушга оид фейк хабарларни уйдириш учун Россия бюджетидан “Диалог” автоном нотижорат ташкилотига камида тўққиз миллиард рубль маблағ ажратилган. Буни "Медуза", The Bell ва "Важние истории" каби нашрлар аниқлашга муваффақ бўлишган. Журналистлар аёлларнинг Украина армиясига сафарбар қилиниши ва бошқа фейк хабарлар айнан “Диалог” вакиллари томонидан уйдирилганини ҳам аниқлашган.