АҚШ Россияга микрочип сотган Ўзбекистон ширкатига санкция жорий қилди

АҚШ Давлат департаменти биноси.

АҚШ Ўзбекистондаги Promcomplektlogistic ширкатини санкциялар жорий этилган корхоналар рўйхатига киритди. Бу ҳақда АҚШ давлат департаменти расмий сайтида 28 июнь куни маълум қилинди.

Давлат департаменти баёнотида қайд этилишича, 3 март куни АҚШ мудофаа саноатига маҳсулот етказиб бергани учун Россиянинг “Радиавтоматика” ширкатини санкциялар рўйхатига киритган эди. Бироқ шунга қарамай, Ўзбекистонаги Promcomplektlogistic компанияси “Радиавтоматика” ширкатига санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашган ва мазкур ширкатга микрочиплар етказиб берган.

АҚШ Давлат департаменти Promcomplektlogistic компаниясига санкция жорий этилиши бутун дунёдаги ширкатлар учун “огоҳлантириш” эканини таъкидлади. “Агар сиз санкция остидаги юридик ёки жисмоний шахс билан бизнес қилаётган бўлсангиз, билингки, ўзингиз ҳам санкциялар остида қолишингиз мумкин”, дейилади баёнотда.

Санкцияларга мувофиқ Promcomplektlogistic ширкатининг АҚШдаги барча активлари музлатилади ва АҚШ ширкатларига Promcomplektlogistic билан бизнес қилиш тақиқланади.

Очиқ маълумотларда қайд этилишича, Promcomplektlogistic ширкатига 2018 йилда асос солинган ва компания ер устида транспорт хизмати кўрсатиш билан шуғулланади.

Тошкентда рўйхатдан ўтказилган ширкатнинг ягона эгаси Олег Граблин экани, у Россияда ҳам бир неча ширкатга эга экани кўрсатилган.