Ар-Риёд АҚШни Эрон Саудия Арабистонига ҳужум қилишидан огоҳлантирди

Эронда талабаларнинг норозилик намойиши.

Ар-Риёд Вашингтон билан Эрон Саудия Арабистонидаги айрим манзилларга “сўзсиз ҳужум қилиши” тўғрисидаги разведка маълумотлари билан бўлишди. Бу Яқин Шарқдаги АҚШ ва бошқа ҳарбий кучларни юқори даражадаги жанговар шайлик ҳолатига келтирилишига сабаб бўлди. Бу ҳақда The Wall Street Journal Саудия ва АҚШдаги манбаларига таянган ҳолда хабар берди.

Эрон разведкаси ва Ислом инқилоби посбонлари корпуси разведка бошқармаси АҚШ, Британия, Исроил ва Саудия Арабистонини фаол Махси Аминий вафоти ортидан бошланиб кетган норозилик намойишларини уюштирганликда айбламоқда.

Эронда бир ярим ойдан бери “ҳижобни нотўғри кийгани” учун полицияга олиб кетилганидан сўнг вафот этган 22 ёшли Махси Аминий ўлимига норозилик сифатида намойишлар ўтказилмоқда. Норозилар Аминий ўлимида полицияни айбламоқда. Намойишларни тарқатиш пайтида камида 200 киши ҳалок бўлди, мингдан ортиқ киши қўлга олинди.

Саудия Арабистони расмийларига кўра, Эрон ички норозиликлардан эътиборни буриш учун қиролликка ва Ироқ Курдистонидаги Эрбил шаҳрига ҳужум қилишни режалаштирмоқда.

The Wall Street Journal АҚШ, Саудия ва минтақадаги қатор давлатлар Қуролли кучлари жанговар шайликка келтирилганини ёзди.

Ўтган ҳафтада Ислом инқилоби посбонлари корпуси қўмондони Саудия Арабистонидан Эрондаги норозиликларни матбуотда ёртишини чеклашни талаб қилган эди. “Бу бизнинг охирги огоҳлантиришимиз, чунки сизлар мана шу ОАВлар орқали бизнинг ички ишларимизга аралашяпсиз”, деган генерал-майор Хусайн Саломий.