АҚШ элчихонаси “сайлов рақобатсиз муҳитда ўтгани” тўғрисидаги хулосани қўллаб-қувватлади

АҚШ элчихонаси 9 июль куни Ўзбекистонда ўтган муддатидан илгари президентлик сайлови якунлари бўйича берган баёнотида “сайлов рақобатсиз муҳитда ўтгани ҳақидаги хулосаларни қўллаб-қувватлаши”ни билдирди.

"АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 9 июль куни бўлиб ўтган президентлик сайловларини кузатди ҳамда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) сайловга техник жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрилган бўлса-да, у ҳақиқий рақобатсиз муҳитда ўтгани ҳақидаги хулосаларини қўллаб-қувватлайди”, дейилади баёнотда.

Элчихона АҚШ Ўзбекистон “овоз беришда қатнашаётган ватандошларни ҳақиқий, рақобатбардош танлаш имконияти билан билан таъминлаши лозим”, деб ҳисоблашини билдирган ва расмий Тошкентни келгуси сайловларда ЕХҲТ ДИИҲБнинг тавсияларини тўлиқ бажаришга чақирган.

Шу билан бир қаторда АҚШ элчихонаси баёнотида “Ўзбекистон ватандошларини сайловдаги иштироки учун олқишлайди ҳамда сайловда президент Мирзиёевни қўллаб-қувватлаганини қайд этади”, деб таъкидланади.

Баёнотда Қўшма Штатлар Мирзиёевга ислоҳотлар ва бошқарув тизимини такомиллаштириш, жумладан, қонун устуворлиги, ҳокимият тармоқлари ўртасидаги ўзаро назорат ва мувозанатни таъминлаш, шахсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш каби кун тартибида турган масалаларни илгари суришда ёрдам беришга тайёрлиги билдирилади.

“Биз президент Мирзиёев ва Ўзбекистон ҳукумати билан АҚШ ва Ўзбекист он ўртасидаги иқтисодий, таълим, одамлар орасидаги ўзаро муносабат ва хавфсизлик соҳаларидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш йўлида ҳамкорлик қилишни кутиб қоламиз”, дейилади баёнотда.

Аввалроқ ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси “9 июлда муддатидан олдин ўтказилган президент сайлови техник жиҳатдан яхши тайёрланган, аммо унда чинакам рақобат бўлмади” деган дастлабки хулосасини эълон қилган эди.

Миссия кузатувчилари овозларни санаш ва натижаларни чиқариш жараёнлари "ташвиш уйғотгани”ни таъкидлаган. Уларга кўра, амалда овоз берганлар сони билан расмийлар билдирган рақамлар ўртасида “номутаносиблик” бор.

Бу ЕХҲТ ДИИҲБ миссиясининг дастлабки хулосалари бўлиб, Ўзбекистондаги сайлов юзасидан якуний ҳисобот бир неча ойдан сўнг эълон қилинади.

Президентлик сайловини кузатиш бўйича ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси Ўзбекистонда ўтказилган сайловларнинг бирортасини ҳолис, адолатли ва демократик деб баҳолаган эмас. Жумладан, ДИИҲБ 2021 йил 24 октябрда ўтказилган президент сайловида сиёсий рақобат бўлмагани, сайлов иштирокчилари орасида мазмунли мулоқот етишмагани, сайлов куни жиддий процессуал қоидабузарликлар кузатилгани, овоз бериш, овозларни санаш ва якуний жараёнларда сайловнинг муҳим жиҳатларига эътибор берилмаганини танқид қилган.

Айни пайтда МДҲ кузатувчилари миссияси “сайлов шаффоф, очиқ, адолатли ва демократик тамойилларга асосан ўтказилди”, деб эътироф этди.

9 июль куни бўлиб ўтган муддатидан илгари президентлик сайловида Шавкат Мирзиёев сайловчиларнинг 87,05 фоиз овозини олиб, ғалаба қозонгани расман билдирилган. Марказий сайлов комиссиясига кўра, сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 19 миллион 593 минг 838 сайловчидан 15 миллион 651 минг 405 нафари, яъни 79,88 фоизи иштирок этган.