АҚШ Сенати Украинага молиявий ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади

АҚШ Конгресси Сенати 13 февраль куни Украина, Исроил ва Тайванга 95 миллиард долларлик молиявий ёрдам кўзда тутилган қонун лойиҳасини қабул қилди.

Мазкур қонун лойиҳаси Конгресс юқори палатаси аъзоларининг 70 нафари томонидан ёқланган, 29 нафар сенатор эса бунга қарши овоз берган.

Қонун лойиҳаси маъқулланиши учун 60 та овоз етарли эди. Лойиҳани маъқуллаганларнинг 22 нафари республикачи сенаторлардир.

Эндиликда қонун лойиҳаси республикачилар назорати остида бўлган Вакиллар палатасига (АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси) йўлланади, аммо қуйи палатада мазкур ҳужжатнинг қонун мақомини олиш имконияти анча камлиги айтилмоқда.

Демократ-президент Жо Байден бир неча ойдан буён Конгрессни Украина ҳамда АҚШнинг Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги ҳамкорлари бўлган мамлакатларга ёрдам тақдим этилиши жараёнини тезлатишга чақириб келмоқда.

Украина расмийлари Россия томонидан янги ҳужумлар амалга оширилиши давом этаётган бир пайтда ўзининг асосий ҳамкори - Вашингтон томонидан қўллов кўрсатилмаётгани туфайли қурол-аслаҳа етишмаётгани хусусида бонг уришмоқда.

Украина президенти Владимир Зеленский сешанба куни Киевга 61 миллиард доллар ажратиш кўзда тутилган Сенатдаги қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш натижаларини олқишлади.

“АҚШ ёрдами Украинада адолатли тинчлик ўрнатилишини яқинлаштириб, глобал барқарорликни тиклайди, бу эса ҳам америкаликлар, ҳам бутун ҳур дунё хавфсизлигининг таъминланишига кўмаклашади”, деб ёзган Зеленский Х ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифаси орқали.

Қонун лойиҳаси президент Байден томонидан имзоланишидан олдин ҳужжат Конгресснинг ҳар икки палатаси томонидан маъқулланиши лозим. Республикачилар узоқ вақтдан буён хорижий ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳаси ичига АҚШнинг жанубий чегараларида мигрантлар оқимини тўхтатишга оид чоралар киритилишини талаб қилиб келишмоқда. Бироқ чегара бўйича устида бир неча ой музокара олиб борилган икки партияли келишув пировардида Сенатдаги республикачиларнинг кўпчилигида норозилик уйғотган. Янги президентлик муддатига ўз номзодини қўйган собиқ президент, республикачи Дональд Трамп аввалроқ бу келишувларга салбий баҳо берган эди.

Ўтган ҳафтада Сенатдаги кўпчилик лидери Чак Шуммер қонун лойиҳасидан чегара хавфсизлиги бўйича моддаларни олиб ташлаган.