АҚШ Сенати Хитойга қарши рақобат учун 250 миллиард доллар ажратади

Сенатор Чак Шумер

АҚШ Конгресси Сенати 8 июнь куни илмий тадқиқотлар, юқори технологияли ишлаб чиқаришни молиялаштириш учун 250 миллиард доллар ажратишни кўзда тутган қонун лойиҳасини маъқуллади. Бундан мақсад Хитой билан рақобат қаршисида инновациялар соҳасида Қўшма Штатлар лидерлигини сақлаб қолиш экани айтилмоқда.

Янги қонун лойиҳасидаги асосий харажатлар АҚШда ярим ўтказгичлар ишлаб чиқаришни дастаклашга қаратилган бўлиб, бу соҳага давлат сармоясидан 50 миллиард доллар ажратиш кўзда тутилган. 1990 йилда дунёда ишлаб чиқарилаётган ярим ўтказгичларнинг 37 фоизи АҚШ ҳиссасига тўғри келган, ҳозир эса бу кўрсаткич 12 фоизни ташкил қилмоқда. Қонун чиқарувчилар Қўшма Штатлар бу соҳада хорижий ишлаб чиқарувчиларга ўта қарам бўлиб қолаётганидан хавотирдалар. Коронавирус пандемияси чоғида юзага келган ярим ўтказгичлар танқислиги бу жабҳада Хитой роли ошиб бораётганини намоён этган.

Айни пайтда технологик олға силжиш сабаб бўлиши мумкин бўлган ишланмаларни рағбатлантириш учун давлат тадқиқот марказларига, хусусий фирмалар ва университетларга юзлаб миллиард доллар маблағ ажратилади.

Сунъий интеллект, квантга оид ҳисоблаш, инновациялар билан боғлиқ технологияларни ривожлантираётган мамлакатлар, қонун лойиҳаси ташаббускорларидан бири бўлган демократ сенатор Чак Шумерга кўра, дунёни ўзига мослаб ўзгартиради. “Биз ё дунё лидери ролини ўз рақибларимизга топширамиз, ёхуд яна бир авлод учун АҚШ лидерлиги йўлини давом эттирамиз”, дея таъкидлаган Чак Шумер.

Қонун лойиҳасини ҳар икки партиядан 68 нафар сенатор ёқлаган, 32 нафари эса қарши чиққан.

Лойиҳага қарши бўлганлар давлат бозор жараёнига бу каби кўламли молия билан дахл қилмаслиги лозим, деб ҳисоблайдилар. Уларга кўра, шу кунгача хусусий капитал технологиялар соҳасидаги истиқболли йўналишларни ўзи муваффақият билан аниқлаб келган ҳамда бу соҳада ўз инвестициялари билан АҚШнинг жаҳон бўйлаб лидерлигини таъминлаб келган.