АҚШ Конгресси юқори палатасида 9 февраль куни бир ой муқаддам Намояндалар палатаси томонидан “исёнга ундаганлик” иддаоси билан импичмент эълон қилиниши билдирилган собиқ президент Дональд Трамп устидан суд бошланади.
Шу йил 6 январида президент Трамп минглаб тарафдори олдида “сайлов ўғирланиши” ҳаракатини тўхтатиш чақириғи билан чиққанидан кейин митингнинг бир неча юз иштирокчиси Капитолий биносига бостириб кирганди. Бу пайтда Конгресснинг икки палатаси аъзолари Жо Байден ғалаба қозонган президент сайлови натижаларини тасдиқлаш ҳаракатида эдилар.
Импичмент жараёни бўйича сўнгги сўзни Сенат айтиши – собиқ президентни ё айблаши, ёки оқлаши керак.
Сешанба куни сенаторлар собиқ президентга импичмент эълон қилишнинг конституцияга нақадар мувофиқлигини бўйича дебат ва овоз бериш жараёнини ўтказадилар. Мамлакат конституциясида Оқ уйни тарк этган президентга импичмент эълон қилиш-қилмаслик имконияти ҳақида ҳеч нарса айтилмаган. Бу АҚШ тарихида мисли кўрилмаган ҳодисадир. Трампнинг адвокатлари унинг ҳимоясига икки далил келтирмоқдалар: улар собиқ президентни таъқиб қилиш конституцияга зид эканини ҳамда унинг чиқиши америкаликларга сўз эркинлигини кафолатловчи конституцияга киритилган биринчи ўзгартишлар билан ҳимояланганини айтмоқдалар.
Намояндалар палатасининг айблов хулосасида Дональд Трампнинг чақириғи “президент томонидан ўтмишда содир этилган энг оғир жиноят – Қўшма Штатлар ҳукуматига қарши исён” экани айтилган.
Собиқ президентни судлашга оид қарор Сенат аъзоларининг учдан икки қисми ёқлови билан қабул қилиниши мумкин, яъни бу чорани ёқлаб 17 нафар республикачи сенатор овоз бериши лозим бўлади. Бундай бўлиши эҳтимоли кам, чунки республикачи депутатларнинг кўпчилиги собиқ президентни таъқиб қилиш конституцияга зид эканини ишора қилганлар. Импичментни республикачи сенаторлардан 5 нафаригина ёқлаши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Трамп тарафдорлари бу жараённи сиёсий театр деб атасалар, собиқ президентнинг танқидчилари Конгресс унинг бу хатти-ҳаракатини қоралаб, Трамп учун бу лавозимга даъвогарлик қилиш йўлини ёпиб қўйиши лозимлигини таъкидламоқдалар.
Дональд Трамп Намояндалар палатаси томонидан икки марта импичмент эълон қилинган АҚШ тарихидаги ягона президент бўлди.