Оклахома штати суди қотилликда айбланиб 48 йил қамоқда ўтирган Глинн Симмонсни оқлади. Симмонс АҚШда содир этмаган жинояти учун суд хатоси билан қамоқда энг кўп муддат сақланган шахсдир.
22 ёшида қамоққа олинган Симмонс ҳозир 70 ёшда. Суд унинг адвокатлари тақдим этган ҳужжатлар ва далилларни қайта ўрганиб чиққанидан сўнг, Симмонсдан қотиллик айбловини олиб ташлади ва уни айбсиз деб топди.
Глинн Симмонс 1974 йилда Оклахома-Сити шаҳри яқинидаги вино дўконига ўғриликка кирган пайтда Кэролайн Сью Роджерсни ўлдирганликда айбланиб қўлга олинганди. Унга ва шериги Дон Робертсга нисбатан ҳукм 1975 йилда ўқилган.
Симмонс ўшанда ўлим жазосига ҳукм қилинганди. Кейинроқ унинг жазоси умрбод қамоқ билан алмаштирилган. Робертс 2008 йилда муддатидан олдин қамоқдан озод қилинганди.
Оклахома қонунларига асосан суд ва тергов хатоси билан айбсиз қамалган шахслар 175 минг долларгача товон пули олиш ҳуқуқига эга.