АҚШ Сурия шарқидаги эронликларга алоқадор бўлган икки объектга ҳаводан зарба берди

АҚШнинг Сурия ва Ироқдаги ҳарбий базаларига сўнгги ҳафтада амалга оширилган ҳужумлар ортидан Қўшма Штатлар бунга жавоб ўлароқ Суриядаги икки объектга ҳаводан ҳужум уюштирди.

Пентагон маълумотига кўра, бу объектлардан Эроннинг Ислом инқилоби посбонлари корпуси ва у билан боғлиқ гуруҳлар фойдаланиб келишган.

“Юқори аниқликка эга бу зарбалар ўз-ўзини мудофаа қилиш мақсадида амалга оширилган ва АҚШнинг Ироқ ва Суриядаги шахсий таркибига қарши Эрон билан боғлиқ ҳарбий гуруҳлар томонидан 17 октябрдан буён давом эттирилаётган муваффақиятсиз ҳужумлар сериясига жавоб бўлиб ҳисобланади”, дея билдирган АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин.

Пентагон раҳбарига кўра, мазкур зарбалар учун АҚШ президенти Жо Байдендан рухсат олинган.

Аввалроқ Байден Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаийга мурожаатида Теҳронни АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбийларига ҳужум қилишдан тийилиш ҳақида огоҳлантирган эди, дея хабар қилган Би-би-си.

Пентагон қайдича, ҳаво зарбалари фақатгина Ироқ ва Суриядаги америкалик хизматчиларни ҳимоя қилиш учун берилган, уларнинг Исроил билан ҲАМАС ўртасида давом этаётган урушга алоқаси йўқ.

Сўнгги ҳафтада АҚШ қўшинлари ва уларнинг иттифоқчилари Ироқда 12 марта, Сурияда эса 4 марта ўққа тутилган. Бу ҳужумлар натижасида, АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги маълумотига кўра, 20 дан зиёд америкалик ҳарбий яраланган.