АҚШ ҳукумати ўтган йилнинг августида Толибон ҳокимиятга келиши ортидан афғон ҳарбийлари Тожикистонга олиб қочган вертолёт ва самолётларнинг айримларини ёки барчасини Душанбега топширади. Бу ҳақда Озодлик радиоси саволларига ёзма равишда жавоб берган АҚШ Марказий Қуролли кучлари қўмондони генерал Майкл Эрик Курилла маълум қилди.
Толибон ҳукумати эса расмий Душанбе ва Тошкентдан афғон ҳарбийлари олиб қочган вертолёт ва самолётларни қайтаришни талаб қилиб келмоқда.
Майкл Курилла 15 июнда Тожикистонга келган ва президент Эмомали Раҳмон билан ҳарбий ва ҳавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилганди.
Мазкур ташриф доирасида Курилла журналистларнинг саволларига, жумладан, Озодлик радиоси тожик хизмати саволларига ёзма равишда жавоб берган.
Курилла Тожикистон ҳудудига Афғонистондан кириб келган ҳарбий техника тақдирига оид саволга жавоб берар экан: «Толибон бир неча марта таҳдид қилгани ва ўз талабларини олға сураётганига қарамай, самолётлар Толибонга қайтарилмайди, чунки бу техника уларга тегишли эмас. Қўшма Штатлар Тожикистон ҳукумати билан бу самолётлардан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатишнинг самарали йўлларини аниқламоқда. Умид қиламизки, бу самолётларнинг айримларини ёки барчасини Тожикистон ҳукуматига топширамиз. Мен ҳозир бу иш қачон амалга оширилишини аниқ айта олмайман, лекин биз бу масалани тезроқ ҳал этиш масаласида ишлаяпмиз»,-деб билдирди.
2022 йилнинг 18 январида АҚШ Мудофаа вазирлиги Кобулни Толибон босиб олганидан сўнг афғон ҳукумати ҳарбийлари Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб чиқиб кетган вертолётлар ҳамда самолётлар Афғонистонга қайтармаслигини расман билдирган эди.
Пентагон расмий вакили Жон Кирби вертолётлар ва самолётлар масаласида “тегишли давлатлар билан музокаралар давом этаётгани”ни таъкидлаган.
Озодлик 11 январда Толибон ҳукуматининг мудофаа вазири Мавлавий Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид Ўзбекистон ва Тожикистон самолётларни қайтармаса, “оқибатларига дучор бўлишлари”дан огоҳлантиргани тўғрисида хабар берганди. Аммо вазир бу оқибатлар қандай бўлиши ҳақида тушунтириш бермаган.
Толибон ҳукумати матбуот котиби Иномулла Самангоний 5 январда Ўзбекистон ва Тожикистон билан вертолётларни қайтариш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилганди.
Толибон Кобулни эгаллаганидан сўнг 14-15 август кунлари Афғонистоннинг 22 та ҳарбий самолёти ва 24 та вертолёти Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтгани ҳақида хабар берилганди. Ўша кунлари ўнлаб вертолёт ва самолётлар Тожикистонга ҳам олиб чиқиб кетилганди.
Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача Толибоннинг мазкур талабига муносабат билдирган эмас.