5 ноябрь куни америкаликлар президент сайловида берадиган овози бутун дунёга таъсир кўрсатади. АҚШнинг ҳарбий, молиявий ва дипломатик ёрдамига кўп жиҳатдан боғлиқ бўлган Украина бошқа ҳар қандай хорижий давлатдан кўра кўпроқ бу таъсирни ҳис қилиши мумкин.
Амалдаги президент Жо Байден даврида Қўшма Штатлар 2022 йил февраль ойида Россия кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери Украинага хавфсизлик ёрдами учун 56 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратди. У молиявий ва гуманитар ёрдам учун яна ўнлаб миллиард доллар ажратди.
"Менинг фикримча, уруш натижаларига ва, шубҳасиз, кейинги бир неча ойда содир бўладиган воқеаларга таъсир кўрсатадиган энг муҳим омил – бу АҚШ сайловлари," дейди Лондон қироллик коллежининг Уруш тадқиқотлари кафедраси катта ўқитувчиси Рут Дейермонд.
Овоз бериш натижаси "Украинани Қўшма Штатлар қўллаб-қувватлашда давом этиши ёки уни қай даражада қўллаб-қувватлашини белгилайди," деди Дейермонд Озодлик радиосига.
Республикачи собиқ президент Доналд Трамп ва Демократик партия вице-президенти Камала Ҳаррис Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича бутунлай бошқача позицияларни билдиришди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Ҳаррис Байденнинг Украинага ёрдам сиёсатини давом эттиришини ва Россиянинг мағлубиятини аниқ кўриш истагини билдирди.
Трамп АҚШнинг Украинани қўллаб-қувватлашига шубҳа билдириб, Киевни Россия босқинига қарши қўллаб-қувватлаш юкининг асосий қисмини Европа кўтариши кераклигини айтди ва НАТОнинг келажагини шубҳа остида қолдирди. У Украина ғалаба қозонишини истайсизми дегансаволга жавоб беришдан бош тортди ва агар у сайланса, урушни жуда тез, ҳатто лавозимга киришишидан олдин тугатишини қайта-қайта таъкидлади.
"Гарчи биз Ҳаррис Оқ уйи, эҳтимол, Байден Оқ уйи каби ҳаракат қилишда давом этишини кутишимиз мумкин бўлса-да, албатта Украинадан кескин чекиниш бўлмайди. Доналд Трамп эса урушнинг тезроқ тугашини хоҳлашини жуда аниқ айтди," деди Дейермонд.
"Унинг узоқ муддатли ташқи сиёсатидаги устувор йўналишларидан бири, 2016 йилда сайланганидан бери у эгаллаган кам сонли барқарор ташқи сиёсат позицияларидан биридир, яъни, Россия билан муроса қилиш эди, – деди у. – Демак, у урушнинг тезроқ тугашини истайди, менимча, Россия шартлари асосида."
Трамп Путиннинг тинчлик музокаралари учун шартлари "мақбул эмаслигини" айтди, у Россияга нисбатан аввалги президентларга қараганда қаттиқроқ бўлганини таъкидлади ва Путин мен Оқ уйда бўлганимда Украинага бостириб кирмаган бўларди, деб даъво қилди. 2017 йилда у Қўшма Штатларга Украинага ёрдам кўрсатиш учун рухсат берганди. Унинг ўтмишдоши демократ Барак Обама эса Москвани провокация қилишдан хавотирланиб, буни рад этганди.
"Бошқа йўқ"
Апрель ойида Трамп ёрдам грантларига муқобил сифатида Иккинчи жаҳон уруши пайтида иттифоқчиларга ёрдам бериш учун Қўшма Штатлар томонидан бошланган ленд-лиз дастурига ўхшаш нарсага очиқ бўлишини айтди.
Трамп Россиянинг Украинага қарши урушига қандай қилиб якун ясаш ҳақида кам гапирди.
2023 йил июль ойида Fox News телеканалига берган интервьюсида у Россия президенти Владимир Путинни Украинага ёрдам кўрсатиш оқимини очиш билан қўрқитиб, музокаралар олиб боришга ундашга ҳаракат қилишини айтди. Бошқа томондан, у Украина президенти Владимир Зеленскийга ёрдамни тўхтатиш билан таҳдид қилиб, босим ўтказишини айтди.
"Мен Зеленскийга: "Энди йўқ. Битим тузиш керак," дейман. Путинга эса: "Агар битим тузмасангиз, биз [Зеленскийга] кўпроқ берамиз. Агар керак бўлса, биз [Украинага] ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ берамиз," дейман, – деди Трамп. – Бир кунда битимни тузаман. Бир кун."
Украиналиклар тинчлик битимига тезда эришиш учун ҳар қандай ҳаракат Россия манфаатларига хизмат қилишидан, ўз мамлакатининг бешдан бир қисмини Москва назорати остида қолдиришидан қўрқишади. Шу билан бирга, бундан Путин ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш орқали келажакдаги ҳужум учун куч тўплаш имконияти сифатида фойдаланиб қолади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Сўзлар ва ҳаракатлар
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, ғолиб ҳокимият тепасига келгандан сўнг нима қилиши аниқ эмас ва кейинги президентнинг ҳаракатларига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган бир қатор омиллар бор.
Зеленский ҳукумати Байден маъмуриятидан норози бўлиб, АҚШ ҳарбий ёрдами жуда секин ва ҳаддан ташқари кўп чекловлар билан келаётганини билдирди. Қатъий илтимосларга қарамай, Байден Украинага Россиянинг ичкарисига зарба бериш учун АҚШнинг узоқ масофали ракеталаридан фойдаланишга рухсат бермади.
Украина ҳали ҳам ҳаво мудофааси ва ўқ-дориларга муҳтож, бу эса Россияга Украина шаҳарлари ва муҳим инфратузилмасига ҳаводан зарба бериб, Донецк вилоятига чуқурроқ кириб бориш имконини бермоқда. Шу ойда Россия 2022 йилнинг март ойидан, яъни кенг кўламли босқиндан бир ой ўтгандан кейинги энг катта ҳудудий ютуқларни қўлга киритди.
Ҳаррис ёрдам етказиб беришда янада фаол бўлиши ёки чекловларни юмшатиши ҳақида аниқ айтмади. Бу Зеленский томонидан Ғарб етакчиларига тақдим этилаётган ва илиқ қабул қилинмаган "ғалаба режаси"даги нуқталардан биридир. У режанинг бошқа муҳим жиҳати – Украинага НАТОга қўшилиш учун тезкор таклиф бериш ҳақида изоҳ бермади.
Трампнинг президентлиги Украинага ва Россия босқинига қандай таъсир қилиши мумкинлиги омилларидан бири унинг ҳукумати таркиби бўлади.
Хабар қилинишича, Трампнинг сайловолди кампанияси собиқ давлат котиби Майк Помпеони мудофаа вазири лавозимига ва собиқ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Роберт О'Брайенни давлат котиби лавозимига номзод сифатида кўриб чиқмоқда. Иккаласи ҳам Байден маъмуриятини АҚШ қуролларидан фойдаланишни чеклагани учун танқид қилиб, Россияга қарши кўпроқ санкциялар киритишга чақирганди.
Июль ойида "The Wall Street Journal" газетасида эълон қилинган мақоласида Помпео мамлакат ўзини ҳимоя қилишига ёрдам бериш учун 500 миллиард долларлик ленд-лиз дастури яратишга чақирди. У, шунингдек, Украинага НАТО аъзолигини беришга чақирди, ОБрайен эса бу ҳафта буни "ҳозирги пайтда жуда провокацион" деб баҳолади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
"Дипломатия йили"
Яна бир омил: Конгресс. Президентлар ташқи сиёсатда кўпроқ таъсирга эга бўлсалар-да, қонун чиқарувчи ҳокимият давлат маблағларини назорат қилади ва Оқ уйни Украинани ҳарбий ва молиявий қўллаб-қувватлаш масаласида ўз позициясини ўзгартиришга мажбур қилиши мумкин.
5 ноябрдаги сайловларда Вакиллар палатаси ва Сенат устидан назорат ўзгариши мумкин, демократлар қуйи палатада, республикачилар эса юқори палатада кўпчилик ўринларни қўлга киритишлари мумкин.
Бу Украина учун янада қулай вазият бўлади, чунки республикачилар назорати остидаги Сенат Украинага ёрдам кўрсатишни қўллаб-қувватлаши мумкин, деди ўтган ойда "Озодлик" радиосига Трампнинг 2017-19 йиллардаги Украина музокаралари бўйича махсус вакили Курт Волкер. У ленд-лиз дастурини Конгрессдан ўтказиш осонроқ бўлишини таъкидлади.
"Менинг фикримча, АҚШ солиқ тўловчиларининг ҳақиқий пулларини Украинага сарфлаш масаласини ҳал қилиш тобора қийинлашмоқда, аммо уларга АҚШ қуролларини сотиб олиш ва урушда қатнашиш учун зарур бўлган миқдорда қарз олишга рухсат бериш умуман баҳсли бўлмаслиги ва икки партиянинг кенг кўламли қўллаб-қувватлашига эришиши керак," деди у.
Аммо Ташқи алоқалар кенгаши таҳлилчиси Чарлз Купчан "Озодлик" радиосига айтишича, Қўшма Штатлар ким ғолиб бўлишидан қатъи назар, уруш Ғарб ресурсларини зўриқтираётгани сабабли Украинани музокараларга ундаши мумкин.
"Мен 2025 йил дипломатия йили бўлишини кутган бўлардим, – деди Купчан. – Бугунги вазиятимиз барқарор эканига ишонмайман."
Шу билан бирга, у Украинага ёрдамни тўхтатиш икки томонни музокаралар столига ўтқазишнинг йўли эмаслигини таъкидлади.
"Бу Путинга ҳужумни давом эттириш учун таклифнома бўлади," деди Купчан.