АҚШ Украинадаги элчихонасини Киевдан Львовга кўчиришга қарор қилди

АҚШнинг Киевдаги элчихонаси

Россиянинг муҳтамал ҳужумига оид хабарлар манзарасида АҚШ Украинадаги ўз элчихонасини вақтинча Киевдан Львовга кўчиришга қарор қилган. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти сайтида ёйинланган хабарномада билдирилган.

Мазкур чора элчихона ходимлари хавфсизлигини таъминлаш учун кўрилгани айтилмоқда. АҚШ имконият бўлиши билан элчихона ходимларини Киевга қайтаришга умид қиляпти. Киевдаги элчихона компьютерлари ва бошқа жиҳозлар йўқ қилинади, телефон тизими эса демонтаж қилинади.

“Элчихона дипломатик муносабатларни мувофиқлаштириш орқали Украина ҳукумати билан ҳамкорликни давом эттиради. Шунингдек, биз инқироз эскалациясига йўл қўймаслик бўйича интенсив дипломатик саъй-ҳаракатларимизни давом эттирамиз”, дейилган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен баёнотида.

Блинкен “агар Росия виждонан иш тутишга қарор қилса”, бу борада дипломатия йўли очиқ қолаётганини урғулаган.

Аввалроқ Канада ўз элчихонасини Киевдан Львовга кўчиришга қарор қилган, шунингдек, Германия ҳам дипломатик миссиясини Днепрдан Львовга кўчирадиган бўлган. Айни пайтда Европа Иттифоқининг Украинадаги ваколатхонаси раҳбари Матти Маасикас 14 февраль куни Твиттердаги ўз саҳифаси орқали ЕИга аъзо бўлган барча мамлакатларнинг элчихоналари ўз фаолиятларини Киевда давом эттиришини билдирган.

АҚШ, Канада, Черногория, Ҳолландия, Япония, Латвия, Буюк Британия, Эстония, Дания, Норвегия, Янги Зеландия, Германия, Литва, Финляндия, Италия, Швеция, Чехия ва Ироқ ўз фуқароларига Украина ҳудудини тарк этишни тавсия қилган.

Россия қўшинлари Украина чегараси яқинига йиғилаётганига оид хабарлар оммавий ахборот воситаларида ўтган йил кузидан бери пайдо бўла бошлаган. АҚШ ва Ғарбдаги бошқа мамлакатлар Москва ҳарбий ҳужумга ҳозирланаётганини тахмин қилиб, Украинага ҳарбий ёрдам кўрсата бошлашган.

Кремль бу иддаоларни рад этиб, АҚШ ва НАТОдан хавфсизлик кафолати, жумладан Шимолий Альянсни шарққа томон кенгайтирмасликни талаб қилган. Ғарб вакиллари принципиал масалаларда ён бериш ниятлари йўқлигини билдиришган.