Россия ҳарбий разведкаси (ГРУ — БРБ) учун ишлайдиган ҳакерлар 2019 йил ўрталаридан АҚШ ва Европадаги юзлаб нишонларга ҳужум қилиб, қайта-қайта териш йўли билан ёки дастурий таъминотнинг нозик жойлари орқали уларнинг паролларини бузиб киришга уринганлар.
АҚШ ва Буюк Британия махсус хизматларининг 1 июль куни эълон қилинган қўшма ҳисоботидан ана шундай иддао ўрин олган.
Ҳужжатга кўра, ҳужумлар “катта эҳтимол билан” ҳозир ҳам давом этмоқда. Улар ҳукумат ва мудофаа тузилмалари ҳамда уларнинг пудратчилари, эксперт марказлари, энергетика ширкатлари ва медиа, сиёсий партиялар ва университетларга қарши йўналтирилган.
Ҳужжатда ушбу ҳужумларнинг аниқ нишонлари ва Россия разведкаси қўлга киритган бўлиши мумкин бўлган маълумотлар тилга олинмаган. Махсус хизматлар ҳакерларнинг потенциал нишонларига компьютер хавфсизлиги стандарт чораларини, жумладан, оддий ва такрорланувчи пароллардан воз кечиш, икки факторли аутентификацияни жорий қилиш ва фойдаланувчиларни назорат қилишни тавсия этади.
Ғарб махсус хизматлари Россия разведка идораларини кенг қамровли киберҳужумларда мунтазам айблаб ёки гумон қилиб келади. Россия ҳар доим айбловларни рад этади. 2020 йилда президент Владимир Путин АҚШга киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни тиклашни таклиф қилган — бу ҳамкорлик Украина жанубидаги қуролли низо ҳамда Москванинг 2016 йилда ўтказилган Қўшма Штатлар президенти сайловига аралашишга уринишда айбланиши ортидан тўхтаб қолган эди.
АҚШ бош прокурорининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жон Демерс ўшанда Россия ҳакерларининг хатти-ҳаракатлари “мазкур таклиф нега кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмаслигини эслатиб туради”, деган. АҚШ давлат котиби Майкл Помпео эса Россияни “глобал интернетнинг энг буюк емирувчиларидан бири” дея таърифлаган.