Қўшма Штатлар Украинага 31 та M1 Abrams танкини тақдим этади. Бу ҳақда Вашингтонда ўтказилган брифинг чоғида АҚШ президенти Жо Байден маълум қилди.
Украинага M1 Abrams танкларига хизмат кўрсатиш учун M88 русумли 8 та таъмир-эвакуация машинасини ҳам йўллаш кутилмоқда. Оқ уй вакиллари украиналик ҳарбийларнинг танклар эксплуатациясига тайёрлаш учун дастур устида ишлар бошлаб юборилгани ҳақида билдиришган.
Байденга кўра, M1 Abrams танкларини Украинага етказиб бериш учун бир неча ой кетиши мумкин.
Аввалроқ Bloomberg агентлиги Германия Украинага Leopard 2 русумли 14 та танк жўнатишга қарор қилгани ҳақида хабар қилган. Шунингдек, Берлин иттифоқчиларга ҳам ўз техникасини Украинага етказиб бериш учун керакли бўлган рухсатномани бергани очиқланган. Қайд этилишича, Берлин ўз ҳамкорлари билан биргаликда Украина учун тез орада иккита танк батальонини шакллантириш ниятида.