АҚШ ва НАТО Россия ўз қўшинларини Украина чегарасидан олиб кетаётгани ишонмаяпти

АҚШ ва НАТО Россия қўшинларининг Украина чегараларидан узоқлаштирилаётганини кўрмаяпти. Россиянинг қўшни мамлакатга ҳужум қилиши хавфи сақланмоқда. Америка Қўшма Штатлари Давлат департаменти ва Оқ уй 16 февраль куни ана шундай баёнот тарқатди.

Аввалроқ Россия Мудофаа вазирлиги Украина билан чегарадош ҳудудларда ва аннексия қилинган Қримда машқларда иштирок этган қўшинларнинг бир қисми доимий дислокация жойига қайтарилаётганини маълум қилган эди.

Украина президенти Владимир Зеленский Мариуполь шаҳрига ташрифи чоғида Киев Россия ҳарбийларининг кичик ротациясини кўраётгани, аммо бўлинмаларни чегарадан олиб кетиш қайд этилмаганини таъкидлаган.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россия ва Украина чегарасидаги вазият Европада хавфсизлик инқирозини юзага чиқарганини урғулаган.

Ўз навбатида Россия Тергов қўмитаси Донбассда 2014 йилда ҳалок бўлган маҳаллий аҳолининг бешта оммавий қабри топилгани факти бўйича жиноят иши очган. Тергов улар Украина армиясининг пала-партиш ўт очиши натижасида қурбон бўлишганини иддао қилиб, тинч аҳоли билан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уруш олиб боришда тақиқланган восита ва усуллардан фойдаланишга доир жиноят иши қўзғатган.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Россиянинг оммавий қабрлар топилганига оид иддаолари ёлғон маълумот бўлиши мумкинлигини айтган. Псакига кўра, Вашингтон ҳамон Россия исталган пайтда Украина ҳудудига бостириб кириши мумкин, деб ҳисоблайди, шу боис вазиятни синчковлик билан кузатишда давом этмоқда.