АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис 1 август куни Россия қамоқхоналаридан 16 нафар сиёсий маҳбус озод қилингани ортидан сиёсатчи Алексей Навальнийнинг беваси Юлия Навальная билан суҳбатлашди. Пайшанба куни қамоқдан озод бўлганлар орасида уч нафар америкалик, беш нафар германиялик ва етти нафар россиялик бор эди. Бунга оид маълумот Оқ уй сайтида ёйинланган.
Вице-президент сиёсий тутқунларнинг озодликка чиққанини олқишлаб, Россия ва бутун дунёда озодлик учун курашаётганларни дастаклашда давом этишини тасдиқлади.
“Ҳаррис эрининг Россияда адолат ва қонун устуворлиги учун олиб борган ишини давом эттираётган Навальнаянинг жасоратини юқори баҳолади”, дейилган Оқ уй баёнотида.
Камала Ҳаррис 2024 йил февралида хавфсизлик бўйича Мюнхенда ўтказилган конференцияда – Навальний Россия қамоқхонасида вафот этгани маълум бўлганидан кейин бир неча соат ўтиб Юлия Навальная билан учрашган эди. Вице-президент TIME журналининг 2024 йилдаги 100 нафар энг нуфузли одамга бағишланган махсус сони учун Юлия Навальная ҳақида мақола ёзган, дейилган “Америка овози” хабарида.
Навальная аввалроқ Россия қамоқхонасидан сиёсий маҳбусларнинг озод қилинишини “улкан бахт” деб атаган эди.
“Ҳар бир сиёсий маҳбуснинг озод қилиниши бу улкан ғалаба ва хурсандчиликдир. Ҳеч ким Путиннинг тутқуни бўлмаслиги, қийноқларга тутилмаслиги ва Путин қамоқхонасида ўлмаслиги лозим”, деб ёзган у X ижтимоий тармоғидаги ўз постида. Бу ҳақда хабар қилган “Америка овози”нинг рус хизмати Ғарб билан Москва ўртасида маҳкум алмашувини “совуқ уруш давридан буён амалга оширилган энг йирик [алмашув]” деб атаган.