Қўшма Штатлар Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Хоразм вилоятидаги меҳрибонлик уйида тарбияланувчиларни зўрлаган масъул мансабдорларга қарши санкциялар жорий қилди.
АҚШ Молия вазирлиги хабарномасида қайд этилишича, санкция рўйхатига Урганчдаги болалар уйининг собиқ мудираси Юлдуз Худайбергенова, Хоразм вилояти адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бошқармасининг собиқ бошлиғи Анвар Курязов киритилган. Улар одам савдоси ва гендер зўравонлик, хусусан давлатга қарашли меҳрибонлик уйида тарбияланувчи қизларга нисбатан жинсий зўравонликда айбланган.
Мазкур шахсларга нисбатан чекловлар Халқаро қулликка қарши кураш куни муносабати билан жорий этилган. Санкциялар киритилиши бу одамларнинг АҚШдаги ёки америкаликлар тасарруфи ёки назорати остида бўлган мол-мулклари музлатилишини англатади. Шунингдек, уларга нисбатан АҚШ Давлат департаменти томонидан киритилган виза чекловлари ҳам жорий қилинади.
Урганчдаги меҳрибонлик уйида тарбияланувчи қизлар 10 ой давомида давлат мулозимлари дохил турли эркаклар томонидан жинсий зўравонликка дучор қилинганлари ҳақида Озодлик аввалроқ бир неча бор хабар қилган.
2022 йил сентябрида мазкур иш Хива тумани судида кўриб чиқилган ва Меҳрибонлик уйи мудираси Юлдуз Худойбергенова Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси (Одам савдоси), 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) билан айбдор деб топилиб, 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Адлия ва Фавқулодда вазиятлар бошқармалари раҳбарлари эса ЖКнинг 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан 1,5 йилга озодликдан чекланди. Декабрь ойида Хоразм вилояти суди апелляция инстанцияси биринчи инстанция суди ҳукмини ўз кучида қолдирган.
Мулозимларга берилган жазонинг енгиллиги Ўзбекистон жамоатчилиги орасида норозилик уйғотган. Бунинг ортидан 2023 йил ноябрида иш қайта кўриб чиқилиб, Машарипов ва Курязов уч йилга озодликдан маҳрум этилган.