АҚШ, ЕИ ва Британия Қрим ҳудудида ўтказилган Дума сайловини тан олгани йўқ

Россия президенти Владимир Путин МСК раисаси билан сайлов натижаларини муҳокама қилмоқда, 2021 йил 20 сентябри

ЕИ мамлакатлари, АҚШ ва Буюк Британия аннексия қилинган Қрим ҳудудида ўтказилмиш Россия Давлат думасига сайлов якунларини ва овоз бериш жараёнини тан олмайди. Бу ҳақда ЕИ, Британия ва АҚШ ташқи ишлар идоралари баёнотларида айтилган ва халқаро ҳамжамият Қримни Украинанинг суверен ҳудуди деб ҳисоблаши урғуланган.

ЕИ ташқи ишлар маҳкамаси баёнотида, шунингдек, Украинанинг Донецк ва Луганск вилоятларидаги россияпараст айирмачилар назорат қилувчи ҳудудлар аҳолисининг сайловда иштирок этгани қораланган.

ЕИ, АҚШ ва Британия Давлат думасига сайловда кўпдан-кўп қонунбузарликлар содир бўлганига, шунингдек сайлов Россия ҳукуматининг фуқаролик жамияти ва журналистларга босими зўрайиб бораётгани манзарасида ўтказилганига эътибор қаратишган.

АҚШ Давлат департаменти баёнотида “хорижий агентлар”, экстремистик ва “исталмаган” ташкилотларга оид қонунлар Россия фуқароларининг ҳуқуқларини, жумладан сайлаш ва сайланиш ҳуқуқини камситувчи қонунлар ўлароқ таърифланган. Шунингдек, Ғарб мамлакатлари Россия ҳукуматининг ЕХҲТдан кузатувчиларни таклиф этишдан бош тортганини қоралашган.

Умуман олганда, баёнотларда Давлат думасига сайловни тан олмаслик тўғрисида гап бормаган. Аввалроқ Европарламент ЕИни, агар сайлов адолатли ва шаффоф бўлмаса, уни тан олмасликка чақирган эди.

Қрим аннексия қилинганидан бери яриморол аҳолиси Россия сайловларида биринчи марта иштирок этаётгани йўқ. 2016 йилда ҳам Думага сайлов доирасида Қримда ўтказилган овоз бериш натижалари Ғарб томонидан тан олинмаган – амалда бу, чунончи, Қримдан Думага сайланган депутатлар Россиянинг халқаро парламент ассамблеяларидаги делегацияларига кира олмаслигини билдиради.

МСК маълумотига кўра, қарийб барча сайлов варақалари санаб бўлинганидан сўнг Думага бешта партия ўтадиган бўлиб турибди, иқтидордаги “Ягона Россия” эса доимгидек конституцион кўпчиликни ташкил этади.