АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа мамлакатлар Россия президенти Вламидир Путин ҳукмронлиги даврида бойлик ва сиёсий таъсирини орттирган олигархларнинг мол-мулки нишонга олинишини билдиришди.
Reuters агентлигининг ЕИ вакили сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, мамлакатлар олигархларнинг санкцияларни қандай айланиб ўтиш йўлини топишини ўрганиш ҳамда мол-мулкларни сақлашда траст ширкатлар ролини чеклаш учун биргаликда ҳаракат қилади.
АҚШнинг 3 мартдаги санкция рўйхатига россиялик тадбиркорлар Алишер Усмонов, Аркадий ва Борис Ротенберглар, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков, ВЭБ раҳбари Игорь Шувалов, “Ростех” раиси Сергей Чемезов ҳамда бошқа тадбиркор ва мансабдорлар киритилган.
Санкция рўйхатида жами 19 нафар россиялик олигарх ҳамда улар оиласининг 47 нафар аъзоси бор. Уларнинг барчасига АҚШга кириш тақиқланган, мол-мулклари музлатилган.
Буюк Британия ҳам Алишер Усмонов ва Игорь Шуваловга қарши санкция жорий этган.
Шу йилнинг 24 февралига ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина ҳудудига бостириб кирган. Путин мазкур урушни Украинани “нацистлар”дан қутқариш учун бошлатилган “махсус ҳарбий амалиёт” деб атаган. Ўтган бир ҳафта ичида Украинани миллион қочқин тарк этган, БМТ отишмаларда Украинадаги тинч аҳоли вакилларидан 227 киши нобуд бўлганини билдирган.