Қўшма Штатларда 27 июнь куни демократлар партиясидан президентликка номзод Жо Байден билан республикачилар партиясидан президентликка номзод Дональд Трамп ўртасида илк дебат бўлиб ўтди.
CNN телекомпанияси томонидан уюштирилган дебатда бошловчилар номзодларга америкаликлар учун энг долзарб бўлган муаммолар — инфляция даражасининг юқорилиги, аёллар учун аборт ҳуқуқи, ноқонуний миграция, Украинага ёрдам, афроамерикаликлар муаммолари, болали оилаларни дастаклаш, иқлим ўзгаришига қарши кураш, сайлов натижаларини ҳурмат қилиш ва бошқа масалаларга дахлдор саволларга жавоб беришни таклиф қилишди. Аммо иккала номзод ҳам бир ярим соат давом этган дебатларда аввалдан ҳозирланган тезисларни такрорлаб, мазкур саволларнинг кўпига жавоб беришдан қочишди.
Президент Байден ўзининг раҳбарлиги остида мамлакат COVID пандемияси туфайли юзага келган рецессия оқибатларига қарши муваффақиятли кураш олиб боргани, ўз маъмурияти сиёсати туфайли инфляция даражаси пасаяётгани, у кекса ёшдаги америкаликлар учун дори-дармон нархларини пасайтиришга муваффақ бўлганини айтди.
Байден президентликка қайта сайлангудек бўлса, ижтимоий дастурларни молиялаштириш учун юқори даромадли америкаликлар учун солиқларни оширишни ваъда қилди.
Собиқ президент Дональд Трамп эса аслида ҳозирги иқтисодий ўсиш учун тамал унинг президентлиги чоғида солиқларни пасайтириш ва иқтисодиётдаги давлат бошқарувини қисқартириш эвазига қўйилганини билдирди. У Жо Байденни ноқонуний миграция муаммоларига нисбатан лоқайдликда ва ҳатто буни рағбатлантирганликда айблади. Трампга кўра, бу муаммо кам таъминланган америкаликларга катта зарар етказмоқда.
Дебатлардаги энг ҳассос эпизодлардан бири Россиянинг Украинага босқинига оид муҳокама бўлди. Дональд Трамп, агар у Оқ уйда бўлганида, Россия Украинага бостириб кирмаган бўлишини бир неча бор такрорлади. Унга кўра, АҚШ армиясининг Афғонистондан “шармандаларча” чиқиб кетиши Путинга Украинага қарши уруш бошлаш журъатини берган. Трамп фикрича, Байден сиёсати ишларни учинчи жаҳон уруши томон олиб бормоқда.
Бунга жавобан Байден “Трампнинг хатти-ҳаракатлари, унинг Украина ёрдам беришни истамаслиги Путинни НАТОга аъзо мамлакатларга бостириб киришга рағбатлантириши ва учинчи жаҳон урушига олиб келиши мумкин” дея рақибига эътироз билдирди.
Дебат бошловчисининг саволига жавобан Трамп у Путин томонидан таклиф этилган урушни тинч йўл билан тугатиш режасига қўшилмаслиги айтди. У Россия президентини жиноятчи деб атаган, бироқ президентликка қайта сайланган тақдирда, президентлик лавозимига расман киришмай турибоқ Украинадаги урушни тўхтатиши мумкинлигини яна бир бор такрорлади.
Кузатувчи ва шарҳловчиларнинг илк муносабатидан келиб чиқилса, президент Байден бу дебатда очиқ мағлубиятга учраган. Рақибидан фарқли равишда у доим ҳам ўз фикрини охиригача ифодалай олмаган, баъзан керакли сўзларни қидириб қолган, жавобларда каловланган. Байденнинг сайловолди штаби вакиллари буни президент дебатга шамоллаган ҳолда чиққани билан изоҳлашган.
Президентликка номзодларнинг илк дебати ортидан The Wall Street Journal газетаси “Байден дебат чоғида Трамп томонидан чилпарчин қилинди” сарлавҳаси билан чиқди. New York Times нашри эса Байден дебатда “нўноқларча чиқиш” қилгани, демократлар партияси эса “саросима”да экани ҳақида ёзмоқда.
АҚШ президенти лавозимига номзодлар ўртасидаги иккинчи дебат сентябрь ойида бўлиб ўтиши кутилмоқда.