АҚШнинг Флорида штатида вояга етмаган болалар устидан жинсий зўравонликка оид материалларни ташиган ўзбекистонлик устидан ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Флорида ўрта округи прокуратураси маълумот тарқатди.
Қайд этилишича, 2022 йил январида 39 ёшли Султон Нуриев Орландодан Тошкентга чиқиб кетган, ўша йил февралида у АҚШга қайтган. Қайтиш чоғида божхона-чегара хизмати ходими ўзбекистонликнинг телефонини текшириб, ундан болалар устидан жинсий зўравонлик тасвирларини топган.
Аниқланишича, у Ўзбекистонда ўзини 12 ёшли болакай ўлароқ кўрсатиб, интернетда вояга етмаган қизларни йўлдан уриш билан шуғулланиб келган. У қизчаларни шаҳвоний характердаги суратларни олиб, ўзига йўллашга мажбур қилган.
Хабарномада Нуриев 2023 йилнинг 26 сентябрида ўз айбига иқрор бўлгани қўшимча қилинган. Унинг АҚШга қай асосда ва қандай мақсадда борганига аниқлик киритилган эмас.
Суд ҳукмига кўра, ўзбекистонлик кейинчалик умрбод назорат остида бўлиш шарти билан 19 йилга озодликдан маҳрум қилинган.