АҚШда ИДга алоқадорликда гумонланган тожикистонликлар ушланди

АҚШда “Ислом давлати” террор гуруҳига алоқадорликда гумонланган 8 нафар тожикистонлик қўлга олинди. Улар АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) томонидан “ФРБнинг террорчиликка қарши кураш бўйича тезкор гуруҳи билан тиғиз ҳамкорликда олиб борилган” амалиёт ортидан ушланган.

Бу ҳақда 11 июнь куни ABC News дохил АҚШдаги бир неча телеканал ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишди. Бу манбалар қайдича, қўлга олинганларнинг ҳаммаси АҚШга жанубий чегара орқали киришган ва дастлабки текширув чоғида ҳеч қандай хавф-хатар аниқланмагани учун уларга АҚШда қолишга рухсат берилган.

Хабарларга мувофиқ, қўлга олинганларнинг олти нафарида Россия фуқаролиги бор.

Бу фуқаролар расман иммиграция қонунчилигини бузгани туфайли ушланган, теракт содир этишга тайёргарликка оид айбловлар қўлга олинганларга ҳали билдирилганича йўқ. Маълумотларга кўра, ҳозирда АҚШ расмийлари бу фуқароларни мамлакатдан депортация қилиш бўйича ҳужжатларни тайёрламоқда.

New York Post нашри маълумотига кўра, гумонланувчилар Иммиграция ва божхона назорати хизматида тутиб турилибди. Хизмат мулозимларига кўра, улар ичида камида икки эркак чегарадан 2023 йил баҳорида ўтган, бири эса Байден маъмурияти томонидан яратилган АҚШда бошпана тақдим этилишига оид ариза топшириш учун мигрантларга қабулга ёзилиш имконини берувчи CBP One иловасидан фойдаланган.

Уч нафар хабардор манба NBCга ФРБ Марказий Европадан келаётган террор хавфидан хабардор бўлгани, шунинг учун ҳам ФРБ ходимлари умумий хатар тергови доирасида бу одамларни кузата бошлаганини маълум қилган.

Америка ҳукуматидаги юқори лавозимли мулозим сўзларига кўра, ФРБ агентлари бу одамлар ортидан бир неча ой кузатган: уларни тинглаб боришган ҳамда гўё “ҳибсга олинганлардан бирининг бомбалар ҳақида гапиргани”ни қайд этишган.

Озодлик тожик хизматининг ёзишича, сўнгги икки йил ичида тожикистонлик юзлаб мигрант Мексика орқали ноқонуний йўллар билан АҚШга кириб олган. Уларнинг кўпи АҚШдан бошпана сўрашган. АҚШ расмийлари яқинда мамлакатга кириш шартларини кучайтиришган.

Ўтган ҳафтада АҚШ президенти Жо Байден АҚШ ҳудудига ноқонуний кирган мигрантларга АҚШда бошпана берилишига оид илтимоснома киритилишини тақиқловчи фармонни имзолаган эди. Мазкур қонунга мувофиқ, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Грузия, Молдова ва Россиядан келган ноқонуний мигрантларнинг ҳаммаси зудлик билан мамлакатдан бадарға қилиниши лозим.

Авваллари Иммиграция ва божхона назорати хизмати ходимлари мигрантларни мустақил равишда депортация қилиш ҳуқуқига эга эмасди, бу қарорни фақат судгина чиқариши мумкин эди. Бу буйруқ ҳозирча фақат Сан-Диего минтақасига дахлдордир. Мазкур минтақада бугунги кунда Мексика чегараси орқали ноқонуний мигрантларнинг АҚШга киришидаги энг муҳим йўллардан бири бўлиб ҳисобланади.