АҚШда минглаб ҳарбий COVID-19 га қарши эмланишдан бош тортмоқда

АҚШда минглаб ҳарбий интернет тармоғида айланиб юрган салбий мишмишлар важидан коронавирусга қарши эмланишдан бош тортяпти ёки бу жараённи ортга сурмоқда. Бу ҳақда Associated Press хабар қилди.

Қайд этилишича, армиянинг айрим бўлинмаларида аскарларнинг учдан биригина эмланишга ҳозир. Айни пайтда Бирлашган штабнинг амалиётлар бўйича директори ўринбосари, Ҳарбий-ҳаво кучлари генерал-майори Жефф Талиаферро конгрессга, дастлабки маълумотларга кўра, ҳарбийларнинг учдан икки қисмигина вакцина олишга рози бўлганини билдирган.

Associated Press бунинг “аҳоли ўртасидаги кўрсаткичдан юқори” эканини урғулайди. Kaiser Family Foundation жамғармаси томонидан яқинда ўтказилган сўровга мувофиқ, америкаликларнинг 50 фоизга яқинигина эмловдан ўтишга розилик берган.

Аскарларнинг эмланишдан бош тортаётгани ҳарбий қўмондонликда жиддий хавотир уйғотмоқда, чунки ҳарбийлар кўпинча атрофидагилар билан тиғиз алоқада бўлиш шароитида хизмат ўтайдилар. Бундай шароитда эса доим ижтимоий масофани сақлаш ва муттасил ниқоб тақиб юриш ўта қийин.