АҚШда ўқиётган ўзбекистонликлар сони қарийб 12 фоизга ошди

Иллюстратив сурат

АҚШда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 2023-2024 ўқув йилида 1219 нафарни ташкил этган. Халқаро таълим институти томонидан ҳозирланган “Очиқ эшиклар” ҳисоботига кўра, бу ўтган йилга нисбатан 11,9 фоизга кўпдир.

Океан ортидаги ўзбекистонлик талабаларнинг 703 нафари бакалавриат, 350 нафари магистратура босқичида таҳсил олмоқда. 134 нафар талаба факультатив ўқув курсларига, 32 нафари эса нодавлат таълим йўналишларига қабул қилинган.

Халқаро таълим институти ҳисоботида қайд этилишича, жорий ўқув йилида АҚШ университетларида жами 1,1 миллиондан зиёд хорижлик талаба ўқимоқда. Чет эллик талабалар сони бўйича Ҳиндистон (331,6 минг нафар ёки 29,4 фоиз), Хитой (277,3 минг нафар ёки 24,6 фоиз) ва Жанубий Корея (43,1 минг нафар ёки 3,8 фоиз) юқори ўринларни эгаллаган.

Қўшма Штатлар олий ўқув юртларида Ўзбекистон вакиллари йил сайин кўпайиб бораётганини кузатиш мумкин.

2021-2022 ўқув йилида 631 нафар ўзбекистонлик талаба АҚШ олий таълим муассасаларида таҳсил олган бўлса 2022-23 ўқув йилида улар сони 1089 нафарга етган.

Аввалроқ Германиядаги “Статиста” ташкилоти Ўзбекистон хорижда таълим олаётган талабалар сони бўйича дунёда бешинчи ўринга чиққанини маълум қилганди. Ташкилотга кўра, чет элда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар сони 110 мингдан ошади.