АҚШнинг Арканзас, Оклахома, Техас ва Кентукки штатларида кузатилган кучли пўртаналар камида 21 кишининг умрига зомин бўлди, яна юзлаб киши тан жароҳати олди. Қурбонлар орасида болалар ҳам бор.
Кентукки штати губернатори Энди Бешир 27 май куни фавқулодда вазият тартибини эълон қилди. Кучли шамол вайрон қилувчи торнадолар юзага келишига сабаб бўлмоқда.
Табиий офат натижасида кўплаб тураржойлар ва ижтимоий биноларга шикаст етган. CBS хабарига кўра, 370 чоғли уй электрсиз қолган. Шу туфайли Арканзас касалхонасида камида бир бемор вафот этган: у уланган нафас олиш аппарати ишламай қолган. Айрим ҳудудларда электр таъминотини тиклашга бир неча кун кетиши мумкин, айниқса агар об-ҳаво шароити ўнгланмаса.
Метеорологлар тахминига кўра, бўрон камида яқин суткалар ичида давом этади, айни пайтда унинг маркази АҚШнинг аҳоли зич жойлашган шарқий соҳилига кўчиши мумкин.
Кучли шамол ва торнадо жорий йилнинг апрель ва май ойларида АҚШнинг кўплаб штатларига шикаст етказган. Ўтган ҳафтада Айова штатида улар туфайли камида беш киши ҳалок бўлган, Хьюстонда эса аввалроқ саккиз киши табиий офат қурбони бўлган.
АҚШнинг марказий штатлари иқлим ва рельеф хусусиятлари туфайли “торнадо камари” деб ҳисобланади. Бироқ сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгариши сабабли бутун дунёда кучли довуллар тез-тез содир бўлиб, янада ҳалокатлироқ бўлиб бормоқда.