Афғон учувчилари ва бошқа қочқинлари тушган учоқ 10 ноябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбедаги аэропортдан парвоз қилди. Аввалроқ АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси 191 нафар афғонистонлик, жумладан 143 учувчи қарийб уч ой Тожикистонда бўлганидан сўнг Қўшма Штатларга кўчиб бориш учун учиб кетишга ҳозирлигини тасдиқлаган.
“Афғонистонлик фуқаролар, уларга иммиграция гувоҳномалари тақдим этилгунича, учинчи мамлакатга етказилади ва шундан сўнг Қўшма Штатларга ўтказилади”, дея маълум қилган АҚШ элчихонаси вакили Озодликнинг тожик хизматига.
АҚШ расмийлари уюштирган рейс Душанбедан маҳаллий вақт билан 00:30 да учиб кетган. Элчихона вакилига кўра, учоқ манзилга бугун ёки эртага етиб боради. Жўнаб кетаётган афғон учувчилари орасида икки нафар аёл ҳам борлиги ва улардан бири ҳомиладорлиги айтилмоқда.
Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари август ойи ўрталарида Толибон мамлакат пойтахти Кобулни эгаллаб олганида ҳарбий учоқларда Тожикистонга қочиб ўтишган. АҚШ ҲҲКда таълим олган инглиз тилида сўзлашувчи учувчилар ўзларини АҚШга кўчириш учун зарур ҳужжатлар тайёрлангунига қадар ўтган қарийб уч давомида Душанбе яқинидаги санаторийда яшаб туришган.