АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) 2023 йил сентябрдан 2024 йил сентябргача Ўзбекистонга 572 кишини депортация қилди.
Иммиграция ва божхона идораси эълон қилинган ҳисоботда қайд этилишича, йил давомида 192 мамлакатга 271484 киши бадарға қилинган. Депортация қилинганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб икки бараварга ортган.
Қўшма Штатлардан Ўзбекистонга қайтарилган ўзбеклар сони ҳам ўтган йилга нисбатан бир неча бараварга ошганини кузатиш мумкин. 2023 йилда 88 нафар ўзбекистонлик мажбуран ватанига қайтарилганди.
Таҳлилчилар АҚШ президентлик сайловида ғалаба қозонган Дональд Трамп даврида муҳожирларга нисбатан сиёсат янада кескинлашишини айтмоқда.
Жорий йил ёзида Калифорния штати чегара хизматига Ўзбекистон дохил беш постсовет мамлакатидан бўлган ноқонуний мигрантларни қўлга олингани заҳоти ватанига депортация қилиш мажбурияти юкланганди.
Шунингдек, аввалроқ 2023 йилнинг 1 октябридан 2024 йил май ойи охирига қадар АҚШнинг жанубий чегарасини 57 минг 200 нафар ноқонуний мигрант кесиб ўтиб, Калифорния штатига боришга ҳаракат қилгани, булардан 2900 нафари ўзбекистонлик экани билдирилган эди.
Озодлик радиоси ўтган йил август ойида “Ўзбекларнинг Америкага хатарли йўли” деб номланган суриштирувни эълон қилган эди. Унда ўзбекистонликларнинг “орзулар ўлкаси”га Лотин Америкаси давлатлари ва Мексика орқали ноқонуний ўтишга уриниши хусусида сўз борган.