АҚШнинг Perseverance аппарати Марс сайёрасига қўнди

Perseverance аппарати томонидан тасвирга олинган илк сурат

Америка Қўшма Штатларининг Perseverance марсоходи Марс юзасига муваффақиятли қўнган. Мазкур жараён АҚШ аэрокосмик агентлиги (NASA) сайтида жонли ёйинланган.

Марсоход сайёрада қадимда ҳаёт бўлганига оид аломатларни топишга уринади ҳамда тупроқ намуналарини йиғади. Йиғилган намуналар кейинчалик Ерга етказилади.

Парашют воситасида Марсга қўниш жараёни тақрибан 7 дақиқа давом этган. Шундан сўнг аппарат оқ-қора рангда илк суратни олган.

Perseverance Марс томон ўтган йил июлида йўл олганди. “Марс-2020” миссияси доирасида аппарат сайёрада ўртача 700 кун фаолият олиб боради.

Февраль ойи бошида Хитой Марс орбитасига космик зондини чиқарганди. Май ойи охирига бориб бошқарилувчи марсоход сайёрага қўндирилиши кутилмоқда. Хитойлик олимлар мазкур миссия Марс сайёраси инсон томонидан колонизация қилиниши имкониятларини ўрганишига умид қилмоқдалар.

Хитойдан аввалроқ, аниқроғи, 2020 йил ёзида Марс орбитасига Бирлашган Араб Амирликлари томонидан “Амал” сунъий йўлдоши чиқарилганди. Мазкур миссиядан мақсад сайёра атмосфераси, иқлим шароити ва йил фаслларининг алмашишини ўрганишдан иборат.