Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида қулаган Azerbaijan Airlines авиаширкати учоғининг “қора қутилари” ўрганиш учун Embraer учоқлари ишлаб чиқариладиган мамлакат – Бразилияга топширилади. Бу ҳақда Қозоғистон Транспорт вазирлиги баёнотида айтилган.
Чикаго конвенцияси асосида ҳамда Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти тавсияларини ҳамда Озарбайжон ва Россия авиация расмийлари билан ўтказилган маслаҳатлашувларни ҳисобга олган ҳолда учоқ ҳалокати текшируви бўйича комиссия “қора қутилар”ни Бразилиядаги Авиация ҳодисаларининг олдини олиш ва тергов қилиш марказига (CENIPA) йўллашга қарор қилган, дейилган вазирлик баёнотида.
Қозоғистон томони CENIPA маълумотларни ўқиш учун “сертификацияланган лабораторияга эга”лиги ҳамда “тегишли асбоб-ускуналар билан жиҳозланган” зарур техник имкониятларга эгалигини қўшимча қилган.
Аввалроқ Бокудан Грознийга учиб кетаётган Azerbaijan Airlines авиаширкати учоғи 25 декабрь тонгида Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида қулаб тушгани ҳақида хабар қилинган. Ҳодиса чоғида 38 киши ҳалок бўлган.
Euronews ва Reuters маълумотига кўра, учоқ қулашига Россия ҳаводан мудофаа тизими сабаб бўлган. Reuters учоқ томонга ракета Грозний узра “дрон фаоллиги” чоғида учирилганини хабар қилган. Ракета учоқ яқинида портлаб, унинг қопламасига шикаст етказган.
27 декабрь куни “Росавиация” раҳбари Дмитрий Ядров учоқ Грозний аэропортига қўнмоқчи бўлиб турган пайтда шаҳарга дронлар ҳужум қилаётган бўлганини тасдиқлаган. Унинг иддаосига кўра, учоқ командирига қўниш учун Россиядаги бошқа аэропортлар таклиф қилинган, бироқ у Ақтау аэропортига йўл олишга қарор қилган.
Euronews телеканалининг Озарбайжон ҳукуматидаги манбалари шикаст етган учоқ экипажи фавқулодда қўниш учун имконият яратилишини сўрагани, бироқ экипажга Россия аэропортларидан биронтасида қўнишга рухсат этилмагани ҳақида айтишган эди.