Брюсселда 31 август куни Арманистон бош вазири Никол Пашинян ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ўртасида музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Бу маълумотни Арманистон ҳукумати матбуот хизмати Озодлик радиоси арман хизматига тасдиқлади. Расман билдирилишича «учрашувда аввал муҳокама қилинган масалалар амалга қандай тадбиқ этилаётгани» кўриб чиқилади.
Озарбайжон ва Арманистон Тоғли Қорабоғ масаласида ўзаро уруш ҳолатидадир. Сўнгги марта 3 август куни мазкур ҳудудда отишма содир этилган ва ҳар икки томондан бир неча киши ҳалок бўлганди. Отишмаларда Боку ва Ереван бир-бирларини айблаб келади.
Озарбайжон 2020 йилнинг кузида Арманистон билан Тоғли Қорабоғ учун бўлган урушда ғалабага эришган эди. Урушда Арманистондан 4 минг, Озарбайжондан 3 минг киши ҳалок бўлгани айтилган.
Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.