Арманистон АҚШ билан стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолади

Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян (чапда) ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзоламоқда, Вашингтон, 2025 йил 14 январи

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ва Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян 14 январь куни Вашингтонда икки мамлакат ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги шартномани имзолашди.

Блинкеннинг шартномани имзолаш маросимида билдиришича, АҚШ ва Арманистон мудофаа, иқтисодиёт, демократик институтларни ривожлантириш соҳаларидаги алоқаларни мустаҳкамлаш учун имкониятларни ишлаб чиқадиган “стратегик ҳамкорлик комиссияси”ни тузишган.

АҚШ Давлат котибига кўра, икки мамлакат “тобора кучлироқ ҳамкор”га айланмоқда.

Мазкур учрашув ва келишувларнинг имзоланишига оид коммюнике АҚШ Давлат департаменти сайтида ёйинланган.

Америкалик ҳамкасби ортидан имзолаш маросимида сўзга чиққан Арманистон ТИВ раҳбари Арарат Мирзоян АҚШ чегараларни мустаҳкамлашда экспертлик ёрдами кўрсатиш учун Арманистонга мутахассислар гуруҳини йўллашини қайд этган. Шунингдек, АҚШ Арманистон билан фуқаровий ядро ҳамкорлиги бўйича музокараларни ҳам бошлайди.

Ереван анчадан буён АҚШ етакчилик қилиб келаётган “Ислом давлати” экстремистик ташкилотига қарши курашиш коалициясига расман қўшилганини билдирган.

Арманистон сўнгги йилларда Россия бошчилик қилиб келаётган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштирокини қисқартирган, кейин эса бутунлай тўхтатган. 2023 йил кузига келиб КХШТ машқларида иштирок этишдан бош тортган Арманистон ўша пайтнинг ўзида Арманистон-АҚШ қўшма машқларини ташкил қилган.

Сешанба куни Россия Ереваннинг бу қадами Арманистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқидаги (Москва етакчилигидаги божхона блоки) аъзолигига номувофиқ экани ҳақида билдирган.

Ўтган ҳафтада Арманистон парламенти ЕИга кириш аризасини топшириш жараёнини бошлашга оид қонун лойиҳасини маъқуллаган эди.