Арманистон Фаластин давлати мустақиллигини тан олишини эълон қилди. Бунга оид баёнот Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги сайти орқали ёйинланган.
Хабарномада Арманистон яҳудийлар ва фаластинликлар ўртасида узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишидан манфаатдор экани қайд этилган. Шунингдек, унда мамлакат Фаластин-Исроил можаросининг “икки давлат” тамойили асосида ҳал этилишини қўллаши қўшимча қилинган.
“Биз бунинг фаластинлик ва исроилликлар ўз машруъ истакларини турмушга татбиқ эта олишини кафолатлашнинг ягона йўли эканига аминмиз”, дейилган баёнотда.
Шу тариқа, Арманистон Фаластин давлати мустақиллигини тан олган БМТга аъзо 148-мамлакатга айланди.
Май ойи охирида Норвегия, Испания ва Ирландия Фаластин давлати мустақиллигини тан олишлари ҳақида эълон қилишган. Исроил бу қарорни “террорчилик учун мукофот” деб атаб, уч мамлакат элчиларини Ташқи ишлар вазирлигига чақирган. Ғарбий соҳил ҳудуди устидан чекланган бошқарувни амалга ошираётган Фаластин миллий маъмурияти бу уч мамлакат қарорини олқишлаган. Кейинроқ Словения ҳам Фаластин давлатини тан олганига оид қарор қабул қилган эди