Арманистон ҳукумати мамлакатнинг Европа Иттифоқига кириш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Бу ҳақда Озодликнинг арман хизмати хабар қилди.
Арманистон ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян қонун лойиҳасини тақдим қиларкан, Европа Иттифоқи бир неча марта арман демократиясини дастак билдиргани, унинг атрофидаги хавфсизликни таъминлашда иштирок этгани ва мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини қўллашни ваъда қилганини қайд этган.
“Арманистон Европа Иттифоқи қанчалик имкон берса, шу қадар ЕИга яқин бўлишга тайёр. Биз бунинг имконли эканига оид аломатларни кўрдик”, деган Мирзоян мулозимларга қонун лойиҳасини дастаклашни таклиф қиларкан.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Арманистоннинг Европа Иттифоқига аъзо бўлишини англатмайди, дея урғулаган бош вазир Никол Пашинян. У даставвал Европа Иттифоқи билан йўл харитасини муҳокама қилиш ҳамда Арманистон Конституциясида талаб қилинганидек референдум ўтказиш зарурлигини қайд этган.
Қонун лойиҳаси парламентга кирмаган “Демократик кучлар платформаси томонидан таклиф қилинган, мазкур ташкилот 2024 йил кузида Арманистонда евроинтеграция бўйича референдум ўтказиш учун 60 мингдан зиёд имзо йиғиб, Марказий сайлов комиссиясига топширган.