Арманистон КҲШТдаги молиявий иштирокини тўхтатди

Арманистон бош вазири Никол Пашинян Россия президенти Владимир Путин билан (архив сурати)

Арманистон расмийлари 8 май куни мамлакат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги молиявий иштирокини тўхтатганини эълон қилишди. Аввалроқ Арманистон Россия етовида бўлган бу ҳарбий ташкилотдаги аъзолигини феълан тўхтатган эди.

“Арманистон 2024 йил бюджети тўғрисида КҲШТ томонидан 2023 йил ноябрида қабул қилинган қарорни имзолашдан ва шу тариқа, Шартномага аъзо мамлакатларнинг қўшма тадбирларини молиялаштиришда иштирок этишдан тийилади”, дея билдирган Арманистон ТИВ вакили Ани Бадалян. Мулозиманинг бу баёноти Арманистон жамоатчилик телевидениеси дохил бир неча ОАВда ёйинланган.

Бадалян Ереван ташкилотга аъзо бошқа давлатларни шартномага оид ўз мажбуриятларини бажаришдан тўсиш нияти йўқлигини ҳам қайд этган. Бу ерда гап Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳақида бормоқда.

Арманистон бир йилдан кўпроқ муддат ичида КҲШТнинг юқори лавозимли мулозимлари учрашувлари, ҳарбий машқлари ва бошқа жамоавий тадбирларини бойкот қилиб келмоқда. Арманистон бош вазири Никол Пашинян шу йил февралида ўз мамлакатининг КҲШТдаги иштироки феълан тўхтатилганини билдирган эди.

Бош вазир, агар ташкилотга аъзо бўлган олтита постсовет давлати Ереван полициясига эътибор қаратмайдиган бўлса, Арманистон КҲШТдан чиқиши эътимоли борлиги ҳақида аввал ҳам бир неча бор баёнот берган.

Ўтган ҳафтада Россия ТИВ Арманистон расман КҲШТнинг тўлақонли аъзоси бўлиб қолаётгани ва ўз мажбуриятларини бажариши лозимлигини урғулаган эди.

Ереван 2022 йил сентябрида Арманистон-Озарбайжон чегараси бўйлаб ҳарбий амалиёт чоғида Россия ва КҲШТдаги бошқа ҳамкор ташкилотлардан расмий равишда ёрдам сўраган. Арманистон КҲШТнинг бошқа аъзоларини ўз илтимосини эътиборсиз қолдирганликда бир неча бор айблаган. Бироқ Москва бу айбловлар ҳақида оғиз очмай келади.

Россия ТИВ раҳбари Сергей Лавров март ойида Пашинян маъмуриятини “Россия-Арманистон алоқаларини барбод қилишга олиб кетаётган”ликда айблаган, ўз навбатида, бунинг ғарб манфаатларига хизмат қилишини урғулаган эди.

Пашинян ва ереванлик бошқа лидерлар Россия хавфсизлик соҳасида Арманистон олдидаги ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги туфайли ўз ташқи сиёсатини “диверсификация” қилишини билдирмоқдалар.