Арманистон Россия етовида бўлган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштирокини музлатиб қўйган. Бу ҳақда Арманистон бош вазири Никол Пашинян France 24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.
Пашинян бошқа гаплар қаторида Москва бир неча ой аввал “Арманистон аҳолисини очиқдан-очиқ ҳукуматни ағдариб ташлашга чақирган”ини айтган. У ўзига қарши “Москва пропагандаси тинмаётган”ини қўшимча қилган.
Шунингдек, Пашинян Украинадаги урушга бормаслик учун Арманистонга қочиб келган россиялик Дмитрий Сетраковнинг 2023 йил декабрида қўлга олингани юзасидан ташвиш изҳор этган. Ҳуқуқ фаоллари Сетраков россиялик полициячилар томонидан тутиб кетилгани, бу эса қонунга хилоф эканини билдиришган эди. Ўшанда Арманистон расмийлари бунга изоҳ беришмаган, бироқ эндиликда Пашинян буни “одам ўғирлаш” деб атаган.
“Биз ўз ҳудудимизда ноқонуний хатти-ҳаракатлар амалга оширилишига тоқат қилмоқчи эмасмиз”, деган Пашинян “агар Ереван талаблари жавобсиз қолгудек бўлса”, бу салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Бундан ташқари, Пашинян Боку Арманистонни “Ғарбий Озарбайжон” деб ҳисоблаши ҳамда Арманистонда янги ҳудудларни эгаллаб олишни режалаётганини билдирган.
Аввалроқ Пашинян Тоғли Қорабоғдаги қуролли тўқнашув чоғида “қўл қовуштириб ўтиргани” учун Москвани кескин танқид қилган эди. Бош вазирга кўра, бу КХШТ блокининг самарасизлигини кўрсатган. Айни пайтда Пашинян France 24 телеканалига Россиянинг Арманистондаги ҳарбий базасини ёпиш масаласи “кун тартибида эмас”лигини айтган.
КХШТ котибияти Ереван ташкилотга аъзоликни тўхтатиш тўғрисида ариза топширмагани ва, афтидан бу ерда гап Арманистоннинг КХШТ тадбирларида иштирок этмаслиги ҳақида бораётганини қайд этган.
2023 йил ноябрида Пашинян КХШТнинг Минскдаги саммитида иштирок этишдан бош тортганди. Ўша пайтда у Арманистон хавфсизлик соҳасидаги “алоқаларини диверсификация қилиш” ниятида эканини, чунки Ереваннинг “ҳозирги ҳамкорлари” унга қурол-аслаҳа ва ўқ-дори етказиб бера олмаётганини билдирган эди.