Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси Сергей Копиркинга норозилик нотасини топширди. ТИВ сайтида билдирилишича, бунга “Россия 1” каналида 12 январь куни ёйинланган “Вести недели” (“Ҳафта хабарлари”) дастурида республика “суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига қарши қаратилган нарративалар” сабаб бўлган.
Дастур бошловчиси Дмитрий Киселёвнинг айнан қайси сўзлари Арманистон суверенитетига қарши қаратилганига аниқлик киритилган эмас. Мазкур дастурда лавҳалардан бири Арманистон билан Озарбайжон ўртасидаги муносабатларга бағишланган эди. Киселёв Ереван “уч томонлама келишув бўйича ўз мажбуриятлари”ни эътиборсиз қолдираётганини иддао қилган. У Арманистоннинг Европа Иттифоқига кириш жараёнини бошлашини “Россия билан алоқаларни йиғиштириш” дея изоҳлаган.
“Бу иш яхшилик билан тугамайди. Лекин, айтилганидек, танлов қилиш сизга ҳавола”, дея қайд этган Киселёв.
Аввалда яқин ва иттифоқчилик алоқалари ўлароқ кўрилган Россия билан Арманистон ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда сезиларли даражада совиган. Арманистон томони даставвал Россия бошчилик қилиб келаётган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги иштирокини қисқартирган, кейин эса бутунлай тўхтатган. 2024 йил декабрида Арманистон бош вазири Никол Пашинян КХШТ билан муносабатларда ўз мамлакати қайтмас йўлга киргани ҳақида баёнот берган.
2025 йилнинг январь ойи бошида Арманистон парламенти Европа Иттифоқига кириш жараёнини бошлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллаган. Россия Ереваннинг бу қадами Арманистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқидаги (Москва етакчилигидаги божхона блоки) аъзолигига номувофиқ эканини билдирган.