Арманистонликлар Озарбайжон ҳарбийлари яна чегарани ўққа тутганини иддао қилишди

Арманистонлик аскарлар (архив сурати)

Арманистон Мудофаа вазирлиги озарбайжонлик ҳарбийлар чегарани яна ўққа тутишганини иддао қилиб чиқди.

“Озарбайжон Қуролли кучлари бўлинмалари турли калибрли ўқотар қуроллар ва миномётлардан Арманистон позицияларига қарата ўт очди”, дейилган вазирлик матбуот хизмати томонидан тарқатилган хабарномада.

Ҳодиса Арманистон-Озарбайжон чегарасининг шарқий йўналишида содир бўлгани айтилмоқда. Арманистон томони ўзи томонидан талафот йўқлигини билдирган.

Озарбайжон билан Арманистон ўртасидаги муносабатлар 2020 йил кузида Тоғли Қорабоғ атрофида бўлиб ўтган тўқнашувдан кейин таранглигича қолмоқда. Ўша пайтда икки мамлакат ўртасидаги олти ҳафталик уруш камида 6 минг 900 кишининг умрига зомин бўлган.

Тоғли Қорабоғ халқаро миқёсда Озарбайжон ҳудуди ўлароқ тан олинган. Аммо минтақа 1990 йиллар бошидан 2020 йилнинг ноябрь ойигача этник арман қўшинлари бошқарувида эди.