Article 19 рейтинги: Ўзбекистон сўз эркинлиги бўйича жаҳонда 133-ўринда

Иллюстратив сурат

Халқаро сўз ва ахборот эркинлигини қўллаб-қувватловчи "Article 19” ташкилотининг (Буюк Британия) 2022 йил якунларига кўра тузилган рейтингида Ўзбекистон сўз эркинлиги бўйича 161 мамлакат орасида 133-ўринга қўйилди.

Бу кўрсаткич ташкилотнинг ўтган йилги рейтингига нисбатан уч поғонага юқори бўлишига қарамай, 11 балл тўплаган Ўзбекистон “сўз эркинлиги инқирозга юз тутган” мамлакатлар қаторида қолаверган.

Рейтингдан келиб чиқилса, Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият минтақа давлатлари орасида Қирғизистон (104-ўрин) ва Қозоғистондагидан (121-ўрин) ёмонроқ, Тожикистон (149-ўрин) ва Туркманистондагидан (159-ўрин) яхшироқдир.

Рейтингда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият энг яхши бўлган мамлакатлар сифатида Дания, Швеция, Норвегия, Швейцария ва Финляндия кабилар санаб ўтилган, сўз эркинлиги энг бўғилган мамлакат ўлароқ эса Шимолий Корея кўрсатилган.

Рейтингни шакллантиришда Интернет ва ОАВдаги цензура, диний эркинлик, академик ва маданий муҳитдаги эркинлик ва бошқалар дохил 25 та индикатордан фойдаланилган.

“Чегара билмас мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилотининг Жаҳон матбуот эркинлиги куни муносабати билан шу йил май ойида эълон қилинган ҳисоботида Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ўтган бир йил ичида тўртта позицияга ёмонлашиб, 133-ўриндан 137-ўринга тушгани қайд этилган эди. Ўша ҳисоботда мамлакатда журналист ва блогерларга босимлар кучайиб бораётгани урғуланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда расмийларга маъқул келмаган ресурсларга тўсиқлар қўйилиши ҳали-ҳамон кузатиляпти. Хусусан, президент Мирзиёев ҳукуматининг очиқлик ҳақидаги баёнотларига қарамасдан Озодлик вебсайти Ўзбекистонда блокланганича қолмоқда. Озодлик ўз суриштирувлари ҳақида ижтимоий тармоқларда пост қолдирган қатор маҳаллий фаол, блогер ва журналистларнинг босимга учрагани ҳақида ёзган.