Олимлар Наманган вилояти ҳудудидаги Ахсикент археология ёдгорлигида сўнгги 50 йилдаги энг нодир топилмаларни аниқлашди.
Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги маълумотига кўра, ХI қазув объектида олиб борилаётган изланишлар давомида археологлар кенглиги 2,3 метрли зинапоя ва бус-бутун аркаларга дуч келган. Бу ердан 10 минг куб метр тупроқ чиқарилгач, йўлак 12 поғонали экани маълум бўлган.
Қадимшунослар объектдан яна иккита ноёб ерости йўлини топган. Тахминларга кўра, ҳар икки аркасимон йўлак дастлаб аниқланган катта йўлга туташади.
“Қизиқарли томони, барча йўлаклар бутун (cақланган бўлиб), аркасимон ҳолда метро услубида нафислик билан пишиқ ғиштдан қурилган”, дейилган агентлик хабарномасида.
2024 йилги қазув ишлари давомида айни шу объектдан “итальянча” дея таърифланган раковина, ерости, полости иситиш тизими, нафис сопол қувурлари ва қўл ювиш воситалари ҳам топилганди.
Маълумотларга мувофиқ, 100 гектарга яқин қисми бутун сақланган ёдгорлик Х-ХIII асрларга оид ерости сув иншоотининг кузатув пункти, мудофаа девори, тураржой қолдиқлари, деворий расм намуналари ва нодир қурилмаларни ўз ичига олади.
Қазув объектларидан бирида милоддан аввалги III-I асрларда барпо этилган маҳобатли мудофаа девори қолдиғи ҳам топилган.