Архитектура ёдгорлигига зарар берган масъул жазоланди

Тошкент давлат юридик университети чор Россияси архитектураси намуналаридан бири бўлиб ҳисобланади

Тошкент давлат юридик университетининг масъул ходими маданий меросни муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш талабларини бузгани сабаб жазоланди.

Айни пайтда юридик университет тасарруф этаётган пойтахтнинг Сайилгоҳ кўчасидаги собиқ Аёллар ва эркаклар гимназияси (ХIX аср) архитектура ёдгорлиги сифатида давлат муҳофазасига олинган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур меъморий ёдгорликнинг эшиклари ўзбошимчалик билан, тегишли рухсат олинмай алмаштирилган.

Шу сабаб суднинг жорий йил 2 декабридаги қарори билан бинодан фойдаланувчи университет мулозими жаримага тортилган.

Маълум бўлишича, юридик университет маъмурияти 2022 йилда ҳам айни шу айблов билан жазоланган.

Маҳаллий фаоллар масъул идораларни муҳофазага олинган меъморий ёдгорликларни сақлашга жиддийроқ эътибор қаратишга ундаб келади.

Озодлик Бухородаги Ситораи Моҳи Хосса саройи таъмирида қадимий нақшларни вайрон қилган реставрация гуруҳи устидан жиноят иши очилгани ҳақида хабар қилган эди. Туризм вазирлиги Ситораи Моҳи Хосса реставрациясини “миллий фалокат” деб атаганди.

Аввалроқ ЮНЕСКО Бухоронинг тарихий ҳудудида бузиш ва қуриш ишларига эътироз билдирганди.