Андижон вилояти Асака туманида пора олиш ва пора олди-бердисида иштирок этганликда гумонланиб туман кадастр бўлимининг 2 ходими ва бошқа идораларда ишловчи 5 нафар юқори мулозимли амалдор, жами 7 киши қўлга олинган.
Озодликка келган бу хабарни туман давлат тизимларида ишловчи бир-биридан мустақил уч манба ва маҳаллий блогер тасдиқлади. Айни пайтда туман ҳокимияти, ички ишлар бўлими ва прокуратурасининг Озодлик боғланган расмийлари бу хабарни на тасдиқлади¸ на инкор қилди.
Ҳокимият тизимида ишловчилардан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу воқеани эски ва янги ҳоким командасининг “тумандаги таъсир доираси учун кураши ифодаси”, деб атади.
"12 минг доллар пора олаётганда қўлга тушган кадастр ходимлари бошқаларни ҳам ўзи билан тортиб кетди"
10 март куни Асака туман ДХХ ходимлари кадастр бўлимининг икки ходимини 12 минг доллар пора олаётган пайтда қўлга олган.
Воқеа тафсилотларидан хабардор маҳаллий мулозим шахси сир қолиш шарти билан Озодликка бу воқеа ортидан туман бош архитектори, ҳокимлик қурилиш бўлими бошлиғи ва мутахассиси, уй-жой коммунал ширкати бошлиғи, тумандаги аҳоли яшовчи массив раисларидан бирининг ишдан олинганини иддао қилди.
Бошқа яна икки маҳаллий мулозим томонидан тасдиқланган бу маълумотга Асака туман ҳокими ёрдамчиси, туман ИИБ бошлиғи, прокуратура терговчиси маълумот беришдан бош тортди. Бу расмийлар Озодлик мухбири саволини эшитиш билан¸ телефонларини ўчириб қўйди.
Воқеа тафсилотларидан хабардор асакалик мулозимнинг Озодликка айтишича¸ 10 март кунги амалиëт тумандаги ноқонуний ер олди-сотдисига алоқадор қатор мулозимларнинг ҳибсга олиниши ëки ишдан кетишига асос бўлган:
“Ҳозир кадастрнинг пора билан қўлга тушган 2 ходими, бош архитектор билан қурилиш бўлими бошлиғи ҳибсга олинган. Бу иш занжирга ўхшайди, улар ўзлари билан боғлиқ қолган одамларни ҳам тортиб кетишаяпти. ДХХ кадастрнинг 2 ходимини 10 март куни ноқонуний ер олди-соттисини қонунийлаштириш учун 12 минг доллар пора олаётганида қўлга олган. Ўша куниёқ, дастлабки тергов пайтида улар ўзларига шерик бўлган қолган амалдорларнинг исмларини айтишган”.
Озодлик ҳозирча ДХХ амалиëти давомида нечта мулозимнинг ҳибсга олингани¸ уларга расман айб қўйилган-қўйилмаганига оид ҳужжатларга эга эмас.
Асака туман ҳокимиятининг масъул ходимларидан бири Озодлик билан суҳбатда қўлга олинганларнинг туман янги ҳокимига яқин шахслар эканини айтади.
“10 март куни қўлга олинган ва ишдан бўшатилган амалдорлар янги ҳоким Иномжон Мамадалиевга яқин бўлган одамлар эди. Иномжон Мамадалиев асли асакалик. Қўлга олинганлардан бири, кимлигини айтмайман, унинг устози бўлади. Яна бири эса маҳалладоши”,- деди ҳокимлик масъул ходими.
Бир воқеанинг икки қарама-қарши талқини
Бундан аввал Бўстон(аввалги номи Бўз - таҳр.) туман ҳокими лавозимида ишлаган Иномжон Мамадалиев 4 март куни Асака тумани кенгаши сессиясида Эркин Яқубов ўрнига тайинланди.
Озодлик гаплашган Асака ҳокимлигининг шахси очиқланишини истамаган масъул ходими янги ҳоким келишидан беш кун ўтиб¸ 10 март кунги пора билан қўлга олиш ва бу ишга алоқадорликда гумонланиб ишдан олинишларни “тумандаги таъсир доираси учун кураш”, деб атади:
"Иномжон Мамадалиев 4 март куни ҳоким бўлиб келди. 5 мартдан бошлаб эски кадрларни ишдан бўшатиб, уларнинг ўрнига ўз одамларини олиб кела бошлади. У асосан пулли “точка”лардаги раҳбарларни ўзгартирди. Масалан, шу бир ҳафта ичида у туман Ободонлаштириш бўлими, Тоза ҳудуд бўлими бошлиқлари ва Фермерлар кенгаши раисини ишдан олиб, ўрнига Бўстон туманидан одамларни олиб келди. Эски ҳокимнинг ёрдамчисини ҳам ишдан олиб, ўрнига ўзиникини қўйди. Ундан кейин янги ҳоким тумандаги ҳамма раҳбарлардан "ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш" тўғрисида санаси қўйилмаган аризаларни ёздириб олган. Асосан¸ пулли идоралар раҳбарларининг ишдан олинаётгани эски ҳоким командасига ёқмаяпти. Шунинг учун бу янги ҳокимга бир огоҳлантириш бўлди”.
Асакалик блогер Отабек Нуритдинов 10 март кунги қамоққа олишларни "янги ҳокимнинг тумандаги коррупцияга қарши кураш бошлагани белгиси" сифатида талқин қилди.
Нуритдинов¸ Асака туманидаги коррупция ҳақидаги блоглари ортидан аввалги ҳоким Эркин Яқубовнинг Ички ишлар вазирлигига қилган шахсий сўрови асосида “одамларни ҳақорат қилганликда” айбланиб¸ ўтган йил 31 декабрида 15 суткага қамалган эди.
“Янги ҳоким аҳоли билан учрашиб, қилинадиган ишлар режаси билан ўртоқлашганди. Ўшанда у жуда яхши режаларни айтганди. Коррупцияга қарши кураш доирасида у ҳокимият тизимини, тумандаги корхона ва ташкилотларни тозалай бошлади. 10 март кунги воқеа ҳам бунга бир далил бўлаяпти”¸ деб иддао қилди Нуритдинов.
Мавзуга алоқадор Мансабдорлар ҳақидаги постлари учун қамалган блогер ишига вилоят ҳокимияти ва Олий суд муносабат билдирдиҲозирга қадар Асака туманининг аввалги ҳокими Эркин Яқубовнинг ишдан олиниш сабаблари¸ қолаверса унинг кейинги тақдирига оид расмий изоҳ берилмади.