Асакада ўқитувчиларга чиқинди тозалатган директор жаримага тортилди

Иллюстратив сурат

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги қошидаги Давлат меҳнат инспекцияси Андижон вилоятининг Асака туманидаги 37-умумтаълим мактабида ўқитувчи-педагоглар мактаб директори томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинганини тасдиқлади.

Вазирлик матбуот хизмати қайдича, инспекция томонидан ўрганиш чоғида директор мактабда қурилиш ишлари олиб борилгани, шу сабабли қурилишдан чиққан чиқиндиларни тозалаш ишларига 30 га яқин ўқитувчи-педагог ва техник ходимларни мажбуран жалб қилгани, ходимлар иш ставкалари ва дарс соатлари қисқариб кетишидан хавотир олиб, ушбу ишларни унинг кўрсатмаси асосида бажарганини тан олган.

Хабарномада ўрганиш давомида Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 25-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 349-сонли қарори талаблари бузилганлиги аниқлангани, шу сабабли Асака туманидаги 37-умумтаълим мактаби директорига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари, яъни 34 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилгани қўшимча қилинган.

Озодлик аввалроқ Наманган вилоятининг Поп туманидаги 43-мактаб директори таътил чоғида ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилгани, пировардида у БҲМнинг 50 баравари (17 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилгани ҳақида хабар қилган эди.