Ашхобод Туркиядан туркманистонликлар учун виза тартиби киритишни сўради

Туркманистон ТИВ раҳбари Рашид Мередов туркиялик ҳамкасби Мевлут Чавушўғли билан (архив сурати)

Туркманистон расмийлари Туркия ҳукуматига ўз фуқаролари учун виза тартибини жорий этиш тўғрисидаги илтимос билан мурожаат қилди.

Туркманистон ТИВ баёнотига мувофиқ, бундан мақсад “Туркманистон фуқароларининг Туркия Республикасида бўлишига оид тартиб-қоидаларни тизимли асосда киритиш ва такомиллаштириш” экани айтилган.

Амалдаги тартибга мувофиқ, ҳозирда туркманистонликлар Туркияга визасиз кириб, у ерда 30 кунгача қолишлари мумкин.

Туркманистонлик эксперт Сердар Айтаков фикрича, Туркманистон билан Туркия ўртасида вақтинча виза тартибини жорий қилиш иқтисодий шарт-шароит ёмонлашаётган бир пайтда туркманистонликларнинг мамлакатдан оммавий равишда чиқиб кетишини тўхтатиб қолишга имкон яратади.

Турк расмийлари томонидан тарқатилган маълумотларга кўра, Туркияда айни пайтда бир неча юз минг туркманистонлик истиқомат қилади. Мустақил манбаларга кўра эса, бу мамлакатдаги туркманистонликлар сони расман очиқланганидан бир неча баравар кўп.