Бетарафлик куни арафасида полиция Ашхободдан вилоятликларни бадарға қилмоқда

Туркманистонда полиция Ашхободга бошқа шаҳарлардан келганларни пойтахтдан чиқармоқда. Улар байрам кунлари Ашхободга келмасликлари тўғрисида тилхат ёзиб беришмоқда. Бу ҳақда Озодлик радиоси туркман хизмати хабар берди.

Ҳар бир бадарға қилинган ички мигрант учун полициячиларга 100 манат (28 доллар) миқдорида мукофот берилмоқда, деб айтди туркман хизматининг полициядаги манбаси. Унга кўра, полиция Ашхободда вақтинча яшаш рухсатномаси бўлган ички мигрантларни ҳам қўлга олмоқда.

12 декабрда Туркманистонда Бетарафлик куни нишонланади. Мазкур байрам БМТ Бош Ассамблеяси мамлакатнинг доимий бетарафлиги тўғрисидаги резолюцияни қабул қилганидан сўнг давлат миқёсида нишонлана бошланган. Туркманистон ҳукумати ва матбуоти бетарафлик сиёсатини ташқи сиёсат соҳасида эришилган энг юксак ютуқ қаторида тақдим этиб келади.

2020 йилда Туркманистоннинг собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов “Туркманистон Бетарафликнинг ватани” номли китобини чоп қилган эди. Марказий банк эса Бетарафлик куни муносабати билан махсус эсдалик тангалари ва купюраларини чиқарди.