“Аския” бозори шахси очиқланмаган сармоядорга берилади

Яккасарой туман ҳокимлиги томонидан уюштирилган матбуот анжуманидан лавҳа (туман ҳокимлиги матбуот хизмати фотоси)

Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги “Аския” деҳқон бозори қайта қурилади, дея маълум қилди туман ҳокимлиги матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бир неча инвестор томонидан бозорни қайта қуриш бўйича таклиф билдирилган.

Туман ҳокими Нилуфар Аллабергеновага кўра, сотиб олиш таклифи билан чиққан инвестор “Аския” бозорининг бошқарувчиси бўлган жамиятга 3000 кв метр майдонда экобозор, 1200 кв метр майдонда совиткич омборхона ва 400 ўринга мўлжалланган ерости автотураргоҳни беғараз ўтказиб бериши керак.

Лойиҳага 150 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб этилиши ва янги бозор ёнида жаҳон стандартларига жавоб берадиган 4 юлдузли меҳмонхона барпо этилиши кўзда тутилган.

Ҳокимлик қайта қуриш лойиҳасини “бозорда харидорларнинг келиб кетишига бир қатор ноқулайликлар мавжудлиги” билан асослаган.

Расмий маълумотда 150 миллион доллар сармоя киритмоқчи бўлган инвестор номи очиқланмаган.

Пойтахтнинг энг қиммат мавзеларидан бирида жойлашган “Аския” бозорининг камтарона миқдордаги сармоя эвазига бериб юборилиши экспертлар томонидан “коррупциоген амалиёт” деб танқид қилинди.

Таклиф этилаётган схемадан на давлат бюджети, на маҳаллий бюджет бир сўм ҳам олмайди... Энг ликвид, энг қиммат локацияларни “инвестиция киритиш” шаблони билан совға қилишни ва чўнтаклар фойдасига тақсимлашни бутунлай тўхтатиш керак”, деб ёзди иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров.

Фаоллар фикрича, бозор очиқ аукционга қўйилиши ва истаган талабгор минимал шартлар билан савдога киритилиши керак.