Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Ақаев 2005 йили ҳокимиятни қонуний йўл билан топширмаганидан афсусланишини билдирди. Бу ҳақда А. Ақаев Youtube порталидаги “Автор ТВ” каналига берган суҳбатида айтган.
Суҳбат чоғида Ақаев президентлик чоғидаги ўз фаолияти, мамлакат бошқарувида оила аъзоларининг роли, чегараолди муаммолари, Ахси воқеалари, Қумтор олтин кони фаолияти каби масалаларга тўхталган.
“Мустақилликнинг илк 15 йилида мамлакатни бошқарган биринчи президент сифатида бир таассуфим бор. Агар 2005 йили сайлов ўтказилиб, ҳокимиятни ўз қўлларим билан топширганимда эди, менда ҳеч қанақа афсус кайфияти бўлмасди. Хатоларим бўлган. Лекин мен айни пайтда Қирғизистон учун кўп фойдали ишлар қилдим, деб ҳисоблайман. Сиёсий авантюристлар эркин сайловда ғалаба қозонолмасликларини билганлар, шунинг учун ҳам муддатим тугашига ярим йил қолганида тўнтариш уюштиришиб, ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишган. Бунинг салбий оқибати ҳалигача давом этиб келмоқда”, деган А. Ақаев.
У Қирғизистонда ҳокимиятни куч билан алмаштириш одатий ҳолга айланиб қолганини айтиб, ўтган йил октябридаги воқеалар буни яна бир бор тасдиқлаганини қўшимча қилган.
Бундан 16 йил муқаддам – 2005 йил 24 мартида Қирғизистонда тарихга “лола инқилоби” номи билан кирган халқ исёнлари юз берганди. Ўшанда аҳоли норозилигига парламент сайловлари натижалари сабаб бўлганди. 4 мартдан бошлаб мамлакат бўйлаб жойлардаги ҳокимият мухолифат қўлига ўта бошлаган. 24 март куни эса Бишкекда бир неча сиёсий кучнинг йирик митинги бўлиб ўтиб, бунинг натижасида тўнғич президент Асқар Ақаев ҳокимиятдан ағдарилганди. Мазкур ҳодиса ортида у оиласи билан Москвага қочиб кетган.