AstraZeneca вакцинаси Жанубий Африкада тарқалган коронавирус штаммига нисбатан самарасиз экани айтилди

AstraZeneca вакцинаси.

Жанубий Африкада ўтказилган синовлар AstraZeneca вакцинаси бу мамлакатда аниқланган коронавирус штаммига қарши самараси камроқ эканлигини кўрсатди. Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти (ЖСТ) синов натижалари эълон қилингани ортидан бу вакцина борасида шошилинч хулоса чиқармасликка чақирди.

Мамлакат ўз аҳолисини AstraZeneca ва Оксфорд университети коронавирусга қарши ишлаб чиққан вакцинаси билан эмлашни тўхтатиб туришини 7 февраль куни эълон қилган эди. Таҳлилларга кўра, бу вакцина мамлакатда аниқланган штаммга қарши унчалик самара бермас экан.

Тадқиқот хулосалари аксар камбағал давлатлар учун муаммони келтириб чиқариши мумкин, чунки Pfizer/BioNTech ва Moderna вакциналаридан фарқли ўлароқ AstraZeneca вакцинаси мураккаб музлатиш ва ташиш технологияларини талаб этмас эди.

Бу вакцина оддий музлатгичда олти ойгача сақланиши мумкин. AstraZeneca вакцинаси, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг “COVAX” (Камбағал давлатларга коронавирусга қарши вакциналашда ёрдам) халқаро механизмига киритилган эди.

ЖСТ эмлаш дастурининг раҳбари Катерина О’Брайннинг таъкидлашича, умуман олганда, AstraZeneca вакцинаси ҳақидаги қарашлар ижобийдир.

"Бу вакцина ҳамон “Жанубий африканча” штамм келтириб чиқариши мумкин бўлган ўлимлар ва госпитализацияларнинг олдини олиши мумкин", - дейди у.

Лекин ЖСТ раҳбари Тедрос Гебрейесусга кўра, коронавируснинг янги вариантлари пайдо бўлиши мавжуд вакциналарнинг самараси ҳақида саволлар туғилишига олиб келмоқда. У Жанубий Африкадаги тадқиқотни “ташвишли хабар” деб атаган.

AstraZeneca ширкати ўз вакцинасини Жанубий Африкадан тарқалган янги вариантга қарши мослаштириш устида аллақачон иш бошлаб юборганини билдирди.

Жанубий Африкадаги Витватерстанд университети томонидан олиб борилган тадқиқот камчиликлар билан олиб борилган ҳамда мустақил тадқиқотчилар томонидан текширилмаган.