Атом энергияси халқаро агентлиги миссияси Запорожьега етиб борди

Запорожье АЭСи

БМТнинг Атом энергияси халқаро агентлиги инспекторлари Запорожьега етиб борган. Бу ҳақда Украинанинг "Энергоатом" ширкати маълум қилди.

Ширкат вакилларига кўра, АЭХА делегацияси шаҳарга маҳаллий вақт билан соат 15:00 да кириб боришган.

Экспертлар вилоят марказидан тўғридан-тўғри Запорожье АЭСига йўл олиши кутилмоқда. Мазкур станция бир неча ойдан буён россиялик ҳарбийлар назорати остида қоляпти.

АЭХА делегацияси Киевдан Запорожье томон эрталаб йўлга чиқишган, бироқ экспертлар йўлдаги назорат-ўтказиш масканларида анча вақтларини йўқотишган.

Запорожьенинг ишғол қилинган ҳудудларида Москва томонидан тайинланган “расмийлар” халқаро экспертларга махсус рухсатномалар берилмаслигини ва улар Россия томонидан ишғол қилинган ҳудудга ҳамма қатори навбатда туриб ўтишларини билдиришган.

АЭХА экспертлари Запорожье АЭСида текширув ўтказиб, станциянинг нормал ишлаётганига амин бўлиш учун келишган. Сўнгги пайтларда станция ўзаро жанг қилаётган Украина ва Россия ҳарбийлари нишонига айланаётганига оид хабарлар бу ерда ядровий фалокат юз бериши мумкинлигидан чўчиётган жаҳон ҳамжамиятини хавотирга солиб қўйган.