Ижтимоий тармоқлардаги аккаунти кунига мингдан зиёд киши томонидан кўриладиган шахслар зиммасига ўзи ҳақида Россиянинг Алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар устидан назорат бўйича федерал хизматига (“Роскомнадзор”) маълумот топшириш мажбурияти юклатилади. Бу ҳақда ТАСС агентлиги “Роскомнадзор”дан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Федерал хизмат ҳатто кичик аудиторияга эга бўлган блогерларни ҳам ўз исм-фамилиялари ва алоқа учун маълумотларни тақдим этишга мажбур қилувчи ташаббус билан чиққан.
“Бу рўйхатга олиш эмас, балки аккаунт эгаси ахборот тарқатиш билан шуғулланаётгани ҳақида регуляторни хабардор қилишдир”, дея изоҳ беришган “Роскомнадзор” вакиллари.
Мазкур ташаббус билан ширкатларга ўзи ҳақида “Роскомнадзор”га маълумот тақдим этмаган блогерлар саҳифаларига реклама беришни тақиқлаш таклиф қилинмоқда.
Россия расмийлари ўзлари учун номақбул бўлган ахборотни тарқатувчи сайтларни блоклаш ва уларга жарима солиш орқали интернетнинг рус сегментини бошқаришга анчадан буён уриниб келишмоқда. Бундай ахборотни олиш учун фойдаланувчилар VPN-хизматларни ишга солмоқдалар, бироқ россиялик мулозимлар уларни ҳам блокировка қилиб келишяпти.