Камида 19 минг кишини алдаганликда айбланиб 8 йилга қамалган “Avto 60 oy” раҳбари уч йилга етмай қамоқдан чиқарилди

Жамшид Баҳодиров

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди томонидан 2021 йил 29 мартда камида 19 минг кишини алдаганликда айбдор деб топилиб, 8 йилга қамалган “Avto 60 oy” раҳбари Жамшид Баҳодиров орадан уч йил ўтмасдан қамоқдан озод қилингани тўғрисида Ўзбекистондаги маҳаллий нашрлар хабар бермоқда.

«Газета.uz»нинг ёзишича, Олий суд матбуот хизмати Баҳодировнинг озодликка чиқарилишига изоҳ берди. Бироқ бу изоҳ расмий манбаларда мавжуд эмас.

«Газета.uz»га берилган изоҳда Олий суд матбуот хизмати «Ж.Баҳодиров суд ҳукми билан тайинланган жазонинг тўртдан бир қисмидан кўпроғини ўтагани сабабли жиноят ишлари бўйича Нишон туман судининг 2021 йил 8 ноябрдаги ажрими билан ўталмай қолган 5 йил 11 ой 7 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ учун Жиноят-ижроия кодексининг 113-моддасига асосан манзил-колонияга ўтказилган ва 2021 йил 12 ноябрдан бошлаб, маҳкум 43-сон манзил-колонияда жазони ўтаб келган», деб билдирган.

«Газета.uz» эса ўз номидан, “Баҳодировга нисбатан жиноят иши 2019 йил 12 октябрда қўзғатилган, тергов ва суд иши давомида у ҳибсда бўлган, шунинг учун унга тайинланган 8 йилдан ҳибсда ўтирган вақти чегириб ташланган” деган эслатмани илова қилган.

Кейинги сатрлар нашрдан сўзма сўз иқтибос қилинмоқда: “43-сон манзил-колонияси томонидан 2022 йил 13 июнь куни берилган тавсифномада, маҳкум Ж. Баҳодировга нисбатан Жиноят кодексининг 74-моддасини қўллаш тайинланган жазонинг учдан бир қисми ўталганидан кейин, 2022 йил 15 июнь кунига тўғри келиши, у ўрнатилган тартиб-қоида талабларини бажариб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги ҳамда жазони ўташ даврида тузалиш йўлига ўтганлиги кўрсатилиб, ижобий тавсифланган.

Жиноят-процессуал кодексининг 536-моддасига асосан маҳкумнинг адвокати томонидан берилган илтимоснома жиноят ишлари бўйича Бўка туман судининг 2022 йил 21 июнь кунги ажрими билан қаноатлантирилиб, шу вақтда амалда бўлган Жиноят кодексининг 74-моддаси 3-қисми «б» бандига асосан Ж. Баҳодировга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган 5 йил 3 ой 24 кун муддати шу муддатга иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган”.


Kun.uz эса “Avto 60 oy” раҳбари Жамшид Баҳодиров озодликка чиққанидан сўнг «Media plus 24» ҳамда «Х-vines» МЧЖлари таркибида “фуқароларни чув туширишда давом этаётгани”ни иддао қилаётир.

“Учарлар жамоаси таркибида «Авто 60 ой» ишида 8 йилга қамалиб, 2 йил-у 10 ой «ўтириб» чиққан Жамшид Баҳодиров ҳам бор” деб ёзди нашр.

Хабар давомида “Қизиғи шундаки, «фирибгар» экани даъво қилинаётган бу икки фирманинг менежерлик лавозимида Жамшид Баҳодиров исмли шахс ишлаб келган. Жамшид Баҳодиров ва унинг жиноий шериклари «Авто 60 ой» иши бўйича ўтган суднинг 2021 йил 29 март кунги ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган эди”, деб айтилади.

Нашр иддаосича, шу кунларда «Media plus 24» ҳамда «Х-vines» МЧЖлари олдида “50 дан ортиқ алданган фуқаролар тўпланган”.

Озодлик радиоси 2020 йилнинг 3 мартида беш йилга бўлиб тўлаш шарти билан машина сотишни ваъда қилган “Avto 60 oy” ширкати бор-йўғи 4 ой ичида 18 минг 818 нафар мижоздан 57 млрд 412 млн сўм олгани тўғрисида хабар қилган эди.

Ширкат таъсисчиси Жамшид Баҳодиров ва бошқа мансабдор шахсларга нисбатан ЎзбекистонЖиноят кодексининг 188−1-моддаси 1-қисми (пул маблағларини ва бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) бўйича 2019 йилнинг 12 октябрь куни жиноят иши қўзғатилган. Бунга UzAuto Motors`нинг ширкат 5 йил муддатга фоизсиз, бўлиб тўлаш шарти билан автомобиль харид қилишни таклиф этаётгани ва машинани 135 кун ичида етказиб беришни ваъда қилаётгани бўйича шубҳали фаолиятига оид мурожаати сабаб бўлган.

Жабрланувчиларга етказилган умумий зарарнинг ундирилган қисми 34 млрд 148 млн. сўмни ташкил қилади. Бундан нақд пул шаклида 26 млрд сўм, хатланган мол-мулклар 8 млрд 148 млн сўм, шунингдек, 28 та турли русумдаги умумий баҳоси 2 млрд 100 млн сўмга тенг бўлган транспорт воситаларини хатлаш чоралари кўрилаётгани айтилган.

Терговчилар айбланувчилар томонидан жабрланувчиларга етказилган зарарларни ундириш масаласи суд жараёнида ҳал этилишини билдирганлар. Расмий маълумотларда айтилишича, бугунги кунга қадар 34,15 миллиард сўм ундирилган, 23,26 миллиард сўмлик зарар ёпилмаган.